10:55 / 16.03.2016
1520

Флоридалик полициячи ҳайдовчи аёлни қутқариш учун ўзини қурбон қилди

Флорида штатидаги Ҳилсборо округи шерифи ёрдамчиси ўзини қурбон қилиш эвазига, ҳайдовчи аёл ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда WFTS телеканалида хабар берилган.

Ҳайдовчи аёл Сара Гереннинг ҳикоя қилишича, у йўлда ҳаракатланаётганида қаршисида қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган автомобиль келаётганини кўрган. У чироқларни ёқиб, қоидабузарни йўлидан чиқишга ундаган, аммо вазият ўзгармаган.

У қаршисидаги автомобиль билан тўқнашишдан қочиб қутилиш чорасини ўйлаётганида эса ёнида полициячи автомобили қувиб ўтган ва уни тўсган ҳолда қаршидан келаётган автомобилга урилиб, уни йўлдан олиб ташлаган. Тўқнашув туфайли полициячи ҳам, қоидабузар ҳайдовчи ҳам ҳалок бўлган.

Қайд этилишича, ўзини қурбон қилган полициячи Жон Котлиф аварияларни текшириш ва бедарак йўқолганларни қидириш бўлимида фаолият кўрсатган.

Top