14:47 / 17.03.2016
1616

Анжелина Жоли ливанликларга таҳсин айтди

БМТнинг кўнгилли элчиси Анжелина Жоли Ливандаги 1,5 миллиондан ортиқ деб ҳисобланган суриялик қочқинларга ғамхўрлик қилишда давом этмоқда. Уни ҳатто жала-ёмғирлар ва изғирин шамоллар ҳам Бекаа водийси Даббага туманидаги 300 минг суриялик қочқинлар қўним топган лагерга боришдан тўхтата олмади.

Актриса манзилга етиб келганда палаталарнинг ярмигача сув босган, қочқинларнинг буюмлари сувда сузиб юрарди. Жоли ва унинг делегацияси аъзолари лой кечишларига тўғри келса ҳам, актриса ҳар доимгидек, юзида табассумни ва одамларга бўлган илиқ муносабатини сақлаб қолди, деб хабар беради ТАСС.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари идорасининг маълумотига кўра, Ливандаги қочқинларнинг 79 фоизи аёллар ва болалар.

Даббагада Жоли 38 ёшли шол бўлиб қолган Хулуд билан суҳбатлашиб қолди. Суриялик аёл тўрт нафар фарзанди билан Хомсанинг хавфсиз туманларига етиб олишга уринаётган пайтида снайпернинг ўқи унинг умуртқа поғонасига тегади. Актриса фалаж бўлиб қолган бевани диққат қа тоқат билан эшитди ва жарроҳлик амалиётида кўмак беришга ваъда берди.

Жолининг сўзларига кўра, аксарият қочқинлар ватанларига қайтиш ҳақида орзу қиладилар. Лекин вайрон бўлган шаҳарларда свет, сув ва иситиш тармоғисиз қандай яшаш мумкинлиги ўйлаб тушкунликка тушиб қолганлар ҳам кўп.

“Мен уруш тугагач, болаларим билан Сурияга қайтишимни тасаввур қила олмайман. Мен хонавайрон бўлганман, энди иш қидириш лозим, лекин ишни қаердан излайман?”, - дейди 44 ёшли Муҳаммад.

Ливан лагерларида ҳаёт осон эмас, лекин бу ерда оз бўлса ҳам озиқ-овқат етказилади, тиббий хизмат кўрсатилади. Баъзи туманларда болаларнинг таълим олиш имкони бор. Қочқин болалар ҳукумат қарори билан давлат мактабларида иккинчи сменада ўқимоқдалар.

Жоли ливанликларнинг бағрикенглиги ва меҳмондўстлигига алоҳида эътибор қаратди. “Мен Ливан халқига миллионлаб одамларнинг ҳаётини қутқаришда кўрсатган ёрдами учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Қочқинларнинг сони мамлакат аҳолисининг тўртдан бир қисмига тенг бўлган бир вазиятда Ливанга бу оғир юкни кўтариш осон эмас. Бу - халқнинг юқори инсонпарварлигини кўрсатади”, -ташаккурини изҳор қилди кўнгилли элчи.

Top