15:51 / 18.03.2016
1522

Эрматов Қозоғистон Супергубоги финалини бошқаргани учун 10 минг евро олгани ҳақидаги хабар тасдиқланмади

Қозоғистон футбол федерацияси Бош котиби Азамат Айтхожин «Vesti.kz»га берган интервьюсида 2016 йилнинг 8 март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида мамлакат Суперкубоги учун баҳсни бошқарган ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошчилигидаги жамоага гонарар берилмаганини маълум қилди.

Бундан олдинроқ, маҳаллий нашрларда Эрматовнинг хизматлари учун 10 минг евро тўлагани ҳақида хабарлар тарқалганди.

«Қозоғистон ва Ўзбекистон футбол федерациялари ўртасидаги ҳамкорлик эвазига Қозоғистон Суперкубоги учун бўлиб ўтган финал баҳсини бошқариш учун халқаро тоифадаги юқори даражали реферини таклиф қилишга муваффақ бўлдик. Биз фақат Эрматов ва унинг жамоаси йўл харажатлари учун пул тўладик ҳамда уларнинг Қозоғистонда яхши шароитларда бўлишини таъминладик.

Унинг иштирокида ёш ҳакамларга маҳорат дарслари ўтказилди. Биз ёш ҳакамларлар учун катта тажрибага эга ва юқори даражада ишлаган реферилардан янги сабоқлар ўрганиш учун имкон яратяпмиз.

Менимча, Эрматовнинг таклиф қилиниши футбол байрами мақоми остида ўтган Қозоғистон Суперкубогига янада кўпроқ обрў қўшди», – дейди Азамат Айтхожин.

Top