Фан-техника | 09:52 / 23.03.2016
1719
2 дақиқада ўқилади

Cygnus коинот юк ташувчиси Халқаро коинот станциясига йўл олди

NASA коинот агентлиги Флоридадаги Канаверал бурнидан АҚШнинг шарқий соҳилбўйи вақти билан 22 март 23:06 да бортида Cygnus юк ташувчи кемаси бўлган Atlas 5 ракета-ташувчисини фазога муваффақиятли учирди. Ракетанинг учирилиши видеотрансляцияси NASA сайтида жойлаштирилди.

Cygnus юк ташувчи кемаси ХКСга 3,5 тонна юк, жумладан тажрибалар учун қурилмаларни етказиши керак. Кема ХКС билан 26 мартда туташиши белгиланган.

Ракета фазога кўтарилгандан кейин бир неча дақиқа ўтиб камера ракета поғоналарининг бир-биридан ажралишини кўрсатди. Ҳаммаси рисоладагидек ўтган.

Antares ва Cygnus кемаларини Orbital ATK компанияси, Atlas V ракета-ташувчисини эса Boeing ва Lockheed Martin компанияларининг қўшма корхонаси – ULA компанияси ишлаб чиқаради. Бу парвоз Cygnus’нинг ХКСга 5-тижорий парвози бўлди, улардан иккитаси муваффақиятсиз бўлган.

Айни вақтда ХКСга юкларни 4 та кема: Россиянинг "Прогресс"лари, Япониянинг HTV ва АҚШнинг Dragon ва Cygnus кемалари етказа олади. Dragon кемаси орбитадан Ерга юкларни қайтара олувчи ягона кема ҳисобланади. ХКСдан одамларни Ерга эса фақатгина Россиянинг "Союз" кемалари қайтара олади.