15:25 / 24.03.2016
1408

ЕИ олий вакили насроний ва мусулмонларни айирмасликка чақирди

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини Европани “биз, насронийлар” ҳамда “улар, араблар, мусулмонлар, террористлар” деб айирмачилик қилиш ўта катта хато ва бу европача тотув яшаш қадриятларига зид эканини билдирди.

Шу мазмундаги интервьюни La Repubblica газетаси 24 март куни чоп этди.

Агар “биз”, европаликлар ва насронийлар ҳамда “улар”, араблар, мусулмонлар, террористлар деб айирмачиликда давом этсак, тотув яшаш мумкин эмаслигини кўрсатиб қўймоқчи бўлаётганларга далда берган бўламиз. Европанинг олий қадрияти – миллати, эътиқоди ва маданиятидан қатъий назар ҳамманинг бирга тотув яшаш ва ишлаш имконияти. Хилма-хиллигимиз – бизнинг қудратимиз, тинчлик ва фаровонлигимиз гаровидир”, - деб фикр билдирди Могерини.

Могеринининг тан олишича, Европадаги терроризм муаммоси фақат ичкарида эмас. “Ҳукуматда бўшлиқ ҳосил бўладиган ҳар қандай вазият террорчилар учун янги имконият яратади. Бу фожиа (Брюссель теракти) Сурия инқирозининг тезроқ ҳал бўлишига ҳамда Ливияда ҳалокатли ривожланишнинг олдини олишга замин яратади, деб умид қиламиз”, -деб билдириб ўтди дипломат.

Шунингдек, Могерини терроризмни фақатгина Европа умумий стратегияси орқалигина енгиш мумкин, деб ҳисоблашини билдирди.

Top