17:44 / 25.03.2016
2066

МБ мижозлари бўлган пенсионерларнинг пластик карталари ҳисобварағидаги фоизлар миқдори оширилди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки мижозларнинг банк хизматларига қизиқишини ошириш мақсадида жорий йилнинг 11 мартидан жисмоний шахсларнинг пластик карточка ҳисобварақлари бўйича янги фоиз ставкалари белгилади. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасида тижорат банклари улкан ютуқларга эришаётгани таъкидланди. 2015 йилда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган “Бизнес юритиш” рейтингининг “Кичик бизнес субъектларига кредит бериш” деб номланган кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон сўнгги уч йилда 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилгани бунинг яна бир далилидир.

Миллий банк инвестиция фаолияти ва экспортни кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли ва хўжалик субъектларининг бўш турган маблағларини омонатларга жалб этишни рағбатлантириш борасида фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, шу йил 1 март ҳолатига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 286 миллиард 670 миллион сўм кредит ажратилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан банк ўз балансига қабул қилган 68 корхона мулкидан ҳозирга қадар 63 корхонанинг мол-мулки янги мулкдорларга сотилган. 5 корхонада ишлаб чиқариш фаолияти тикланган ва салоҳиятли инвесторларга сотиш чоралари кўрилмоқда.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида банк миллий валютада сақлаш муддати 7 ойдан 1 йилгача бўлган “Соғлом авлод” ва “Меҳрибон она” номли янги муддатли омонатларни жорий этди.

Тадбирда банк молия институтлари орасида чакана операциялар бозорида етакчи ўрин эгаллаб келаётгани, аҳолининг бўш пул маблағларини депозитларга жалб қилишни кўпайтириш чоралари кўрилаётгани, муомалага чиқарилган пластик карточкалар ва жойларда ўрнатилган терминаллар ҳақида маълумот берилди.

Top