22:43 / 25.03.2016
4931

Олимлар антибиотиклар ўрнини босувчи 100 дан кўпроқ вирусларни аниқлашди

Америкалик олимлар РНК-сақловчи бактериофаглар – ҳаттоки антибиотикларга барқарор бўлган бактерияларга "ов" қилувчи вирусларнинг 122 та янги турини аниқлашди. Ушбу тадқиқот PLOS Biology журналида чоп этилди.

Бактериофаглар тупроқ ва океанларда, инсон организмида бактериялар миқдорини назорат қилувчи "йиртқич" вируслардир. Ҳозирда маълум бўлган бактериофагларнинг деярли барчаси ДНК-сақловчилардир. РКН-сақловчи бактериофаглар уларни топиш қийин бўлгани учун олимлар томонидан кам тадқиқ қилинган.

Олимлар РНКли бактериофаглар ДНКли бактериофаглар таъсири ўтмайдиган стафилококк ва стрептококк каби граммусбат бактерияларга таъсир қила олишини биринчи маротаба кўрсатдилар. Маълумки, РНКли бактериофаглар ҳозирда антибиотикларга борган сари барқарорлашиб бораётган грамманфий бактерияларга ҳам таъсир қилади.

"ДНК сақловчи жуда кўплаб бактериофаглар маълум, бироқ РНК сақловчисини топиш бу катта омаддир", деб айтди тадқиқот муаллифларидан бири Дэвид Ван. Олимлар жамоаси уларни океандан олинган тупроқлар, денгиз жонзотлари, чивинлар, сичқонлар ва резус-макакалардан олинган маълумотларни таҳлил қилиб топдилар.

Олимлар РНК-сақловчи бактериофагларнинг маълум бўлган бактерияларга таъсирини ўрганишни давом эттирадилар. Олимлар келажакда бундай бактериофагларни муайян бактерияларга қарши қўя олишларига умид қилмоқдалар, бу эса антибиотиклар ёрдамидан воз кечишга имкон беради.

Top