Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Абдулла Орипов билан учрашув бўлиб ўтди
24 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган ижодий учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Uz24.uz” хабар бермоқда.
Ижодий кечада сўзга чиққанлар Абдулла Ориповнинг ҳозирги ўзбек адабиёти ва замонавий таржимашунослик ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзладилар. Педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев Абдулла Орипов асарларининг миллий руҳиятга таъсири, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим Абдулла Орипов шеъриятида руҳ озодлиги талқини ҳақида сўзлаган бўлсалар, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон Абдулла Ориповнинг жонкуяр ва ғамхўр устоз сифатидаги хислатларига алоҳида тўхталди. “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев “Шоир Абдулла Ориповнинг таржимонлик фаолияти” мавзусида нутқ сўзлаган бўлса, “Ўзбекистон” нашриёти директори ўринбосари Ашурали Жўраев “Абдулла Орипов ижодида публицистик руҳ” деган мавзуни ёритди.
Учрашув сўнггида устоз шоир учрашув иштирокчиларига дил изҳорини айтиб, янги шеърларидан ўқиб берди.