11:40 / 25.03.2016
12443

Урушнинг номи ўчсин....

Жаҳоннинг турли минтақа ва ҳудудларида қарама-қаршилик ва зиддиятлар, қонли можаролар, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик каби хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда, фашизм балоси яна бош кўтармоқда, миллатчилик, шовинизм сингари офатлар майдонга чиқмоқда.

Бу йил инсоният тарихида энг даҳшатли дея тан олинган уруш ниҳоясига етганига 71 йил тўлади. Шундан кейин жаҳонда тинчлик даври бошланганига барча умид қилганди. Ўтган асрнинг 70-йилларида, эндиликда катта давлатлар ўртасида уруш ҳеч қачон юз бермаслиги ҳақида баралла айтила бошланди. Бироқ ХХ аср охири, XXI бошларидаги ўзаро низолар катта урушлардан кам эмаслигини кўрсатмоқда.

Урушларда ким ғалаба қозониб, ким мағлуб бўлишидан қатъи назар ўзаро низолашаётган томонлар учун инсоний, сиёсий ва иқтисодий йўқотишлар бўлиши аниқ. Масалан, Иккинчи жаҳон урушида ўша вақтда Ер юзи аҳолисининг уч фоизини ташкил қилувчи 60 миллионга яқин киши ҳалок бўлган. Бир қатор Европа мамлакатлари, ўз аҳолисининг 10 фоизидан айрилган. Ғолиб мамлакатлар ҳам катта йўқотишларга дучор бўлган.

Урушнинг энг катта йўқотиши бу жамиятдаги қадриятларнинг ўзгаришида намоён бўлади. Биринчи жаҳон урушидан кейин Европада “йўқотилган авлод” пайдо бўлган бўлса, Иккинчи жаҳон уруши ҳам Ҳиросима ва Нагасаки тимсолида инсоният тарихида “қора из“ қолдирди. Аввалари урушлар вайронагарчиликларга сабаб бўлар эди. Энди эса вайронагарчиликлар чегара билмаяпти. Масалан, террорчиларнинг қароргоҳларига берилаётган ҳаво зарбалари тинч аҳолига зиён етказмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ядровий зарбалар қўшни шаҳарларга ҳам шамол орқали заҳарли ҳавони етказаётгани айтилмоқда.

Бугунги урушлар нафақат жиноий нуқтаи назардан, балки ахлоқий жиҳатдан ҳам жирканч тусга кириб бораётгани ойдинлашмоқда. XXI асрдаги асосий уруш ва низолар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

2000—2005 йиларда Иккинчи интифада, 2001 йил Македониядаги можаро, 2002 — 2007 йилардаги Кот-д’Ивуардаги фуқаролар уруши, 2003 — 2009 йиллардаги Чад ва Эритрея ўртасида Дарфур можароси, 2004 — 2009 йиллардаги Киву можароси, 2005 — 2008 йилларда Кенияда аксилҳукумат исёни, 2005 — 2010 йилларда Чадда иккинчи фуқоролар уруши, 2006 йилги иккинчи Ливан уруши, 2006 — 2007 йиллардаги Фаластининг Фатҳ ва Ҳамас гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувлар, 2006 — 2012 йиллардаги Сомалидаги уруш, 2007 йил Шимолий Ливандаги можаро, 2007 — 2008 йиллардаги Кенияда юз берган сиёсий инқироз, 2007 — 2009 йилларда кузатилган Малида Туареглар исёни, 2008 йил Камбоджа -Таиланд чегара можароси, 2008 йил Жибути- Эритрея чегара можароси, 2010 — 2011 йилларда Тунисдаги инқилоб, 2011 йилги “Араб баҳори”, 2011 — 2012 йиллардаги Ямандаги исён, 2011 йил Ливияда фуқаролар уруши, 2011 — 2012 йилларда Баҳрайнда юз берган исён, 2011 йилдан бери Сурияда давом этаётган фуқаролар уруши, Украинадаги вазият, Мисрдаги инқилоблар ва ҳарбий тўнтаришлар.....

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Умуман олганда 21 асрнинг 15 йили мобайнида ҳудудий, миллатлараро, сиёсий, ғоявий ва диний йўналишларда, шунингдек гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда нефть-газ конлари устидан назорат ўрнатиш мақсадида 61тадан ортиқ ҳарбий можаро кузатилган. Шу давр мобайнида бир ярим миллион киши урушлар қурбонига айланди. Энг кўп тўқнашув 2004 йилда қайд қилинган. Ўша йили жаҳонда 12 та қуролли тўқнашув юз берган.

2001 йилнинг 11 сентябридан кейин бошланган “терроризмга қарши уруш” қурбонлари ҳам ортиб бормоқда.

1996 йилда Афғонистоннинг катта қисми ва пойтахт Кобул “Толибон” қўлига ўтди. АҚШ томонидан қидирувга берилган биринчи рақамли террорчи Усама бин Лоден ҳам айнан Афғонистондан бошпана топганди. Толиблар бин Лодинни АҚШга топширишдан воз кечди. 2001 йилнинг 11 сентябрь куни рўй берган ҳодисадан сўнг АҚШ толибонларга ультиматум қўйди. 21 сентябрда толибонлар яна рад жавобини қайтаришди. Толибонга қарши ҳарбий ҳаракатлар 7 октябрь куни кечқурун бошланди.

2004 йилда Саддам Ҳуссайн режимига қарши 39 мамлакат Ироқда ҳужум бошлади. “Тиран устидан ғалаба қозонилгани” айтилар экан, Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқлиги маълум бўлди.

Бироз вақт олдин Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блернинг тан олиб айтишича, Ироққа қарши уруш ИШИДнинг пайдо бўлишига олиб келди. 7 йил давом этган уруш натижасида Ироқда 168,3 минг киши ҳалок бўлди.
Жаҳонда давом этаётган қуролли тўқнашувлар нафақат уруш давом этаётган мамлакатлар, балки бутун дунё халқларининг ташвишига сабаб бўлмоқда. Эски можаролар тўхтамай туриб, янгилари пайдо бўлмоқда.

2013 йилнинг 16 декабрида Жанубий Судан президенти Салва Киир ҳарбий тўнтаришнинг олди олингани хақида баёнот берди. 17 декабрда пойтахт Жубада ҳукумат кучлари ва собиқ вице-президенти Риек Мачар бошчилигида исёнкорлар ўртасида отишма бошланиб кетди. БМТ вакиллари баёнот бериб, Жанубий Суданда этник асосида қуролли можаролар давом этаётганини билдирди. 31 декабрда Эфиопияда икки томон вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Қуролли тўқнашувлар оқибатида мамлакатни 52 мингдан 66 мингача киши тарк этди. Жанубий Суданда 3,7 миллион киши озиқ-овқатга муҳтожликда кун кечирмоқда. БМТ бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳам ҳукумат, ҳам исёнкорлар томонидан бузилаётганини билдирди.

Марказий Африка республикасида фуқаролар уруши 2003 йилда бошланди. Тартибсизликлар оқибатида 10 мингдан ортиқ киши ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Колумбияда ҳукумат кучлари ва сўл радикал - Колумбия Инқилобий Қуролли кучлари (FARC) гуруҳи ўртасидаги қуролли тўқнашувлар салкам ярим асрдан бери давом этиб келади. Тўқнашувлар оқибатида 220 мингдан ортиқ кишининг ҳалок бўлгани айтилади. Ўтган йилнинг сентябрь ойида президент Ҳуан Мануэль Сантос ва Колумбия Инқилобий Қуролли кучлари (FARC) раҳбари Тимолеон Хименес ўртасидаги қўл бериб кўришишдан сўнг, мамлакатда можароларга барҳам бериш умидлари пайдо бўлди. Мамлакат аҳли келажакка умид кўзлари билан боқмоқда. Колумбия расмийлари исёнкорларни гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосида айблаб келади. АҚШ ва Европа Иттифоқи эса FARC`ни террор ташкилотлари рўйхатига киритган. Куба ва Венесуэла бу ташкилот партизанлик ҳаракати эканини айтиб келади.

Колумбия Инқилобий Қуролли кучлари - Халқ армияси 1964 йилда ерларидан ажралган деҳқонларни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил топган. Ўтган асрнинг 90-йилларида Халқ армияси қудратли кучга эга, сафларида 17 мингдан ортиқ аъзо бор эди. Аъзоларининг 40 фоизини хотин-қизлар ташкил қилган. Ўшанда исёнкорлар мамлакат ҳудудларининг 45 фоизини назорат қиларди. Колумбия Тарихий Хотира Миллий маркази эълон қилган ҳисоботга кўра, ярим аср давомида ўлдирилган 220 минг кишининг ҳар беш нафаридан тўрт нафари тинч аҳоли вакиллари бўлган. Энг қонли давр 1996 йилдан 2005 йилгача бўлгани айтилади. Ўшанда Колумбияда ҳар саккиз соатда бир киши ўғирланар ва ҳар куни бир марта мина портларди. 2002 йилда президент этиб Альваро Урибе сайланади. У исёнкорлар томонидан ўлдирилган ер эгасининг ўғли эди. 2007 йилдан ҳукумат кучлари исёнкорларга қарши хужумга ўтди. Ҳужум кенг қамровли эмас, балки отрядларга қарши алоҳида-алоҳида олиб борилди. Бунинг натижасида Колумбия Инқилобий Қуролли кучлари сафларида фаолият юритаётганлар сони икки баробар қисқарди. 100га яқин дала қўмондони йўқ қилинди. 2008 йилнинг 26 мартида ташкилот асосчиси ва рахбари Мануэль Маруланд 77 ёшида вафот этди. Унинг ўрнига антрополог Альфонсо Кано ташкилот раҳбари этиб сайланди. Аммо унинг зафар қучиши қийин бўлди. 2011 йилнинг ноябрь ойида Колумбия махсус хизматлари уни йўқ қилишга муваффақ бўлди. Ташкилот янги раҳбари этиб Тимолеон Хименес сайланди. У ўз фаолиятини ҳукуматга мурожаат қилиб, тинчлик музокаралари таклифи билан бошлади.

Бугунги кунда давлатлар ўртасида кенг қамровли ядро уруши келиб чиқмаслиги аниқ. 1962 йили Кариб инқирозидан кейин “ядро қуроли мақсадга эришишда асосий восита бўлади”, деган қарашлардан воз кечилган. Аммо бир қатор давлатларнинг ядро қуролларига бўлган интилишларини нима билан оқлаш мумкин?! Дунё шундоқ ҳам “порохли бочка устида турган бўлса”, яна қўшимча порохли бочканинг кимга кераги бор? Таҳликали дунёда ядро қуролларининг террорчилар қўлига тушиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаслиги мумкин.

XXI асрда йирик урушлардан кўра, кўпроқ миллатлараро тўқнашувлар кузатилмоқда. Экспертларнинг фикрича, Африка мамлакатларида ҳам миллатлараро, ирқлароро можароларнинг давом этиши ҳам глобал дунёнинг глобал муаммоларидан ҳисобланади. Экстремистларнинг фаолашиб қолаётгани хам хавотирларга сабаб бўлмоқда. Ўзини ИШИД деб атаётган гуруҳга қарши ўтган йилнинг июнь ва июль ойларида кенг қамровли ҳарбий ҳаракатлар бошланди. ИШИДга қарши кураш “амалда учинчи жаҳон уруши бошланганидан далолат” дегувчилар ҳам бўлди. ИШИДга қарши битта эмас, иккита коалиция тузилган. Биттасига АҚШ, иккинчисига Россия бошчилик қилмоқда.

Уруш анча вақт йирик мамлакатларнинг таъсир доирасини белгилашда асосий қуролга айланиши мумкин. “Йирик давлатлар кичик давлатлар иштирокида ўзаро рақобатга киришди” деган фикрлар хам пайдо бўлмоқда. Агар бу гапларда жон бўлиб, катта давлатлар ўзаро рақобатда давом этадиган бўлса, у ҳолда хавфсизлик билан боғлиқ мавжуд муаммоларнинг ечилиши савол остида қолаверади, кескинлик эса кучаяверади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, тобора кескинлашиб бораётган бундай вазиятда, таҳдид ва хатарларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган сиёсат халққа яхши маълум. Яъни, Ўзбекистон узоқ ва яқин атрофдаги барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни биринчи даражали вазифа, деб билади.

“Биз дунёнинг турли ўлкаларида давом этаётган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақатгина сиёсий йўл билан, тинчлик йўли билан ҳал этиш тарафдоримиз”, деди давлат раҳбари ўтган йилнинг 9 май куни журналистлар билан учрашуви чоғида.

Шарофиддин Тўлаганов.

Top