Спорт | 11:14 / 26.03.2016
2027
2 дақиқада ўқилади

Футбол бўйича Франция термаси ўртоқлик учрашувида Нидерландияни енгди

Франция терма жамоаси Европа чемпионатига тайёргарлик кўриш доирасида меҳмонда ўтказилган ўртоқлик учрашувида Нидерландияни 2:3 ҳисобида мағлуб этди.

Французлар сафида голларни яримҳимоячи Антуан Гризманн (6-дақиқа), ҳужумчи Оливье Жиру (13-дақ.) ва яримҳимоячи Блез Матюиди (87-дақ), ҳолландлар сафида ҳужумчи Люк де Йонг (47-дақ.) ва яримҳимоячи Афеллай (86-дақ.) киритдилар.

Амстердамда бўлиб ўтган учрашув 14-дақиқада собиқ ҳолландиялик футболчи, уч карра "Олтин тўп" соҳиби, 14-рақам остида тўп сурган, 24 мартда ўпка саратони касалидан вафот этган афсонавий Йоҳан Кройффнинг хотирасини ёд этиш учун бир дақиқага тўхтатилди.

6-дақиқада Антуан Гризманн томонидан рақиб дарвозасига киритилган тўп Ҳолландия терма жамоаси ўз тарихида ўтказиб юборган 1000-гол бўлди.

Франция ўз майдонларида ўтадиган Европа чемпионатининг финал босқичида Руминия, Швейцария ва Албания терма жамоалари билан беллашади. Ҳолландия эса ўз саралаш гуруҳида 4-ўринни эгаллаб, мусобақанинг финал босқичига чиқа олмаган.