Жаҳон | 14:26 / 27.03.2016
1868
1 дақиқада ўқилади

Афғонистон шарқида ИШИДнинг 10дан ортиқ жангариси йўқ қилинди

Афғонистон шарқида ҳукумат ҳарбийлари томонидан ўтказилган ҳарбий амалиёт натижасида ИШИДнинг камида 11 нафар аъзоси йўқ қилинган. Бу ҳақда Ҳама агентлиги маҳаллий ҳукумат вакилларига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, 26 март кунининг иккинчи ярмида ҳукумат самолётлари Нангарҳар вилояти ҳудудида ҳаво зарбалари йўллаган. Ўлдирилган жангарилар орасида хорижлик ёлланма жангари ҳам бўлган, унинг фуқаролиги аниқланмаган.

Айни вақтда Афғонистон шарқида ўрнашиб олган ИШИД жангарилари сони 1 мингдан 3 минг нафаргача экани айтилади.

Мамлакатдаги вазият кейинги ойларда оғирлашиб бормоқда. Шу вақтгача, тоғли ҳудудларда ҳаракатланган "Толибон" жангарилари ҳам ўз фаолияти кўламини кенгайтириб, текисликдаги шаҳарларни ўз назоратига олиш учун ҳаракатлар олиб бормоқда.