Қозоғистонда самолёт экипажи олд ғилдиракларсиз қўнишни амалга ошириб, авиаҳалокат олдини олишди
Қозоғистонда Bek Air авиакомпаниясининг Остона шаҳрига ноқулай ҳолатда фавқулодда қўнишни талофатларсиз амалга оширган самолёти экипажи давлат мукофотига тавсия этилди. Бу ҳақда Қозоғистон инвестициялар ва ривожланиш вазирлиги раҳбари Асит Исекешев ўз фейсбуки орқали маълум қилган.
Маълум қилинишича, экипаж аъзолари қўнишни самолётнинг олдинги ғилдираклари бўлмаган ҳолатда амалга оширишган.
"Экипаж аъзолари, айниқса командирнинг маҳоратини алоҳида қайд этишни истардим. Шунингдек, ердагилар ҳам яхши ҳаракат қилишган. Экипажга давлат мукофоти тақдим этилади", деб ёзади вазир.
Унинг қайд этишича, махсус комиссия бу ҳодиса сабабларини ўрганишга киришган.
Bek Air авиакомпанияси самолёти Қизилўрдадан учган бўлиб, Остона шаҳри аэропотига фавқулодда қўнишни амалга оширган. Дастлабки маълумотларда, ҳодиса сабаби сифатида олдинги ғилдираклар чиқмай қолгани айтилганди. Қўниш вақтида жабрланганлар бўлмаган.