18:33 / 28.03.2016
1436

Обама Эрдўғон билан учрашишдан бош тортди

АҚШ президенти Барак Обама Вашингтонда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан шахсан учрашмайди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашрида ёзилган.

Хабар қилинишича, Эрдўғон яқин кунларда ядро хавфсизлигига доир саммитда иштирок этиш учун Вашингтонга келади. Туркия етакчиси сафари давомида Мэриленд штатида Анқара томонидан молиялаштирилган масжид очилишида қатнашади.

"Обама Эрдўғоннинг айни шу очилиш маросимига таклифини рад этган", деб ёзади газета.

Бундан ташқари, WSJ нашрига таянган ҳолда маълум қилинишича, Америка раҳбари туркиялик ҳамкасби билан саммит доирасида ҳам учрашмайди. Аммо, Оқ уйнинг уқдиришича, буни ҳурматсизлик сифатида баҳолаш ноўриндир. Икки давлат раҳбарлари G20нинг 2015 йил ноябридаги саммитида учрашган, шунингдек, февраль ойида телефон орқали суҳбатлашишган эди.

Экспертларнинг фикрича, расмий Вашингтон ва Анқара ўртасидаги муносабатлар, туркларнинг курдлар ва мухолифатга қарши сиёсати туфайли бироз таранглашган.

Бундан аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти вакили Жон Кирби, Туркия демократик принципларга зид сиёсат юритаётганини айтиб ўтганди.

Top