Фан-техника | 23:41 / 28.03.2016
2365
2 дақиқада ўқилади

Samsung мотоциклчилар учун "ақлли" олд ойна ихтиро қилди

Samsung компанияси мотоцикл ёки скутерга ўрнатиш мумкин бўлган "ақлли" олд ойна ғоясини яратганини эълон қилди. Технология ойнага смартфондан турли маълумотларни чиқаришга имкон беради.

Шамолдан тўсувчи соябон асосига ёруғлик чиқарувчи элемент ўрнатилади, у ёрдамида оддий олд ойнага смартфондаги ахборот туширилади. Уланиш махсус дастур ва Wi-Fi алоқаси ёрдамида амалга оширилади.

Samsung Smart Windshield деб номланган ушбу технология ҳайдовчига навигатор билан фойдаланиш, матнли хабарлар ёки кираётган қўнғироқлар ҳақида эслатмаларни олишга имкон беради. Қўнғироқ бўлаётгани ҳақида маълумот берилганда, мотоциклчи ким қўнғироқ қилаётганини кўриши ва жавоб бериш учун тўхташ-тўхтамаслик ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, янги тизим мотоциклда юришни хавфсизроқ қилишга қодир, чунки ҳайдовчи камроқ чалғийди ва иккала қўлини ҳам доимо рулда ушлаб туради.

Samsung Smart Windshield ҳозирча яратилиш босқичида турибди. Янги тизимнинг сотувда чиқарилиши ҳақида ҳеч нарса маълум қилинмаган.