17:32 / 30.03.2016
2081

Америкалик аёл ўзига ўзи турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди

Америкалик Бютифул Экзистенс Парижда ўзига ўзи турмушга чиққанини сўзлаб берди. Никоҳ маросими 2015 йилнинг июнида бўлиб ўтган, аммо оммавий ахборот воситалари бу тўғрисида эндигина ёзишмоқда. Жумладан, Экзистенс ҳақидаги мақола The Sun нашрида чоп этилган.

Дастлаб сиэтллик бу аёлнинг исми Дезире Лонгабо бўлган. У исмини Бютифул Экзистенсга ўзгартирган. Бу инглиз тилидан "Гўзал мавжудот" деб таржима қилинади.

Франция пойтахтидаги тўй маросимига аёл 4,2 минг евродан 5 минг еврогача маблағ сарфлаган. Бундан ташқари, у тўйга қўшиб таваллуд айёмини ҳам нишонлаган.

Никоҳ скайп орқали америкалик мутахассис ёрдамида расмий қайд этилди.

Никоҳ туйининг бир йиллигини нишонлаш арафасида турган Экзистенс бошқаларни ҳам шундай йўл тутишга ундамоқда.

"Менинг фикримча, ҳар бир инсон бошқасига турмушга чиқишдан аввал ўзи билан никоҳдан ўтиши лозим", - дейди у.

Унинг айтишича, ўзи билан қурилган никоҳ уни турмуш ўртоқ қидириш юкидан халос этган.

Экзистенс аввал турмуш қурган бўлиб, у оиласидан икки ўғли бор.

Top