18:04 / 02.04.2016
1579

Тоғли Қорабоғда озарбайжонлик 50 нафарга яқин ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди

2 апрель кунига ўтар кечаси тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳудудида бошланган низолар пайтида Озарбайжон томони йўқотишлари 50 нафар ҳарбий бўлган. Бу ҳақда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси Мудофаа вазирлигига асосланиб, "Интерфакс" хабар тарқатган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлган озарбайжонлик ҳарбийлар сони 40 нафардан 50 нафаргача.

"Ҳозирча бу маълумот тасдиқланмаган, текшириш ишлари олиб борилмоқда", дейилган хабарда.

Озарбайжон томони ҳам бундай маълум тарқатмаган.

Арманистон Мудофаа вазирлиги вакили Арцрун Ованнисян Озарбайжон қуролли кучлари 2 апрель, шанбага ўтар кечаси Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудидаги жанубий, жануби-шарқий ва шимоли-шарқий йўналишларда артиллерия, зирҳли техника ва авиациядан фойдаланиб, ҳужумкор ҳаракатларга қўл ургани ҳақида маълум қилди.

Тоғли Қорабоғ Мудофаа вазирлигида таъкидланишича, туташув чизиғидаги жанглардан ташқари, қўшни томон ҳарбий қисмлар жойлашган манзиллар ва аҳоли пунктларига артиллерия зарбалари берган.

Россия президенти Владимир Путин томонларни ўт очишни тўхтатишга чақирган.

Тоғли Қорабоғ асосан этник арманлар истиқомат қиладиган, 1991 йили Озарбайжондан мустақиллигини эълон қилган, тан олинмаган республикадир. Расмий Бокунинг минтақа назоратини ҳарбий йўл билан қўлга киритишга муваффақиятсиз уринишидан сўнг, 1994 йили, Озарбайжон, Арманистон ва Тоғли-Қорабоғ республикаси Россия воситачилигида Бишкек сулҳини имзолашган эди.

Top