Офшорлар ҳақидаги ҳужжатларда Назарбоевнинг набираси исми ҳам келтирилган
The Organized Crime and Corruption Reporting Project‘нинг Панаманинг Mossack Fonseca компанияси маълумотлар базасидаги ҳужжатларга иқтибос келтирган ҳолда чоп этилган материалида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг набираси Нурали Алиевга иккита офшор компанияси тегишли бўлиши мумкинлиги айтилган.
Таъкидланишича, назарда тутилаётган Alba International Holdings ва Baltimore Alliance Inc. компаниялари Британ Виргиния оролларида рўйхатдан ўтган.
Хабарда айтилишича, Alba International Holdings’нинг 2014 йилнинг 15 сентябридан эгаси янги бўлган. Исм, туғилган йил ва фотосуратларга кўра компаниянинг янги эгаси Назарбоевнинг набираси бўлган.
Алиев Baltimore Alliance акциядорлари рўйхатига 2008 йилда киритилган. Таъкидланишича, компания тахминий нархи 1,8 млн доллар турадиган люкс синфидаги яхтани сотиб олган.
Mossack Fonseca компаниясига тегишли ҳужжатлар 3 апрелда чоп этилди. Уларда дунёнинг бир қатор етакчиларининг солиқлардан қочиш схемаларига алоқадорлиги ҳақида гап кетмоқда.