18:08 / 05.04.2016
1506

Формула-1 пойгаларининг икки карра чемпиони мулки хатланди

Формула-1 пойгалари бўйича икки карра жаҳон чемпиони Эмерсон Фиттипальдининг Бразилиядаги мол-мулки банкротлик иши юзасидан хатланган. Пойгачига тегишли 10та компания умумий ҳисобда 27 миллион бразил реали (7,5 млн доллар) миқдорида қарздорлик ботқоғига ботган. Бу ҳақда Grande Premio нашри ёзди.

Хабарларга қараганда, Фиттипальди ҳозирда атиги битта компаниясига эгалик қилади. Гап шундаки, пойгачи ихтиёридаги сўнгги компанияни сотган тақдирда ҳам қарзидан қутила олмайди. Шу боисдан ҳам, суд маҳкамаси Эмерсоннинг бошқа мулклари, хусусан идора мебеллари, кубоклари ва пойга автомобилларига ҳам тақиқ жорий этган.

69-ёшли Фиттипальдининг қарзлари 1970-йиллар ўрталарида, ўзининг Формула-1 жамоасини ташкил этган вақтларда пайдо бўлган. Бразилияликнинг молиявий аҳволи ёмонлашувига унинг «Сан-Паулу бўйлаб 6 соат» номли жаҳон чемпионати босқичини ўтказишда иштирок этгани ҳам сабаб бўлган.

Фиттипальди компаниялари 2014 йилги жаҳон чемпионати босқичини ўтказишдаги қарзларини ҳамон тўлаб бўлмаган.

Фиттипальди 1970-1980 йилларда Формула-1 пойгаларида қатнашган, 1972 ва 1974 йилда жаҳон чемпионлигини қўлга киритишга муваффақ бўлган эди. 1984 йилдан 1996 йилгача, Американинг CART пойгаларида қатнашган, 1989 йили унинг бош совринини олганди. 1989 ва 1993 йилларда эса, Фиттипальди «Индианаполисда 500 миль» номли марафон ғолиби сифатида шоҳсупага кўтарилган эди.

Ёши бир жойга бориб қолганига қарамай, у баъзан пойгаларда иштирок этиб туради. Хусусан, у 2014 йили 67 ёшида, Сан Паулуда бўлиб ўтган WEC босқичида Александр Талканиц ўрнига AF Corse жамоаси шарафини ҳимоя қилганди. Ўшанда у умумий ҳисобда 21 ўринни, LMGTE Am тоифасида 6 ўринни олганди.

Top