21:59 / 06.04.2016
2038

Alibaba дунёдаги энг йирик ритейлерга айланди

Хитойнинг интернет-савдолар гиганти Alibaba Group 31 мартда якунланган фискал йил натижаларига кўра "дунёдаги энг йирик ритейлерга" айланди. Компания бу ҳақда АҚШ қимматли қоғозлари ва биржалари бўйича комиссиясига берган ҳисоботида маълум қилди.

Компания ҳозирча аниқ рақамларни эълон қилмади. Бироқ, баёнотга кўра, у томонидан сотилган маҳсулотлар нархи 482,1 млрд доллардан ошиб кетган, чунки бундай натижага ўзининг 31 январда якунланган фиксал йили якунига кўра АҚШнинг энг йирик савдо тармоғи Wal-Mart эришган эди.

Alibaba’нинг рекорд тушуми дунё савдоси офлайндан онлайнга кўчганини кўрсатди, деб айтилмоқда компания баёнотида.

"Бизга анъанавий ритейлерларникидан фарқли бизнес-моделнинг кучини намойиш қилишимизга 13 йил талаб этилди", деб компания баёнотидан парча келтирмоқда China Daily нашри.

21 мартда Alibaba’нинг ижрочи вице-раиси Жо Цай ўзининг блогида компания тушумлари 3 трлн юань, яъни 476 млрд доллардан ошганини маълум қилганди. "Агар бизнинг савдо майдонларимиз бирор ҳудуд бўлганда, унда биз Хитой ҳудудлари ўртасида иқтисодиёт ҳажми бўйича 6-ўринда бўлардик", деб айтди Цай.

Бу орада компания 2020 йилга келиб йиллик тушуми ҳажмини 6 трлн юань, яъни 925 млрд долларга етказмоқчи эканлигини эълон қилди. Компания 2024 йилга келиб мижозлари базаси 2 млрд киши ва 10 млн фирмага етишига умид қилмоқда.

Top