11:40 / 08.04.2016
4152

Киноижодкорлар иштирокида Наврўз тантанаси бўлиб ўтди

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан жорий йилнинг 3 апрель куни миллий кинематография санъатининг равнақига ҳисса қўшган киноижодколарга алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатилиб, дастурхон ёзилди, дошқозонларда сумалак ва палов тайёрланди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тантанали тадбир “Ўзбекфильм” киностудиясида жойлашган “Замин” ресторанида ташкил этилиб, унда 320 нафар кинорежиссёр, оператор, рассом, овоз режиссёри, актёр, монтажчи, киношунос каби соҳанинг фидоий ва заҳматкаш ходимлари иштирок этди.

Байрам тадбирида 60 нафар кекса киноижодкорга замонавий “Артел” телевизорлари совға қилинди. Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон санъат арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, режиссёр Шуҳрат Аббосовга суратга олган фильмлари асосида тайёрланган махсус картина топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Абдурашид Йўлдошев, Зиёда Қобилова каби бир қатор эстрада хонандалари, рақс ва карнай-сурнай гуруҳлари кинематографчиларни байрам билан табриклашди.

Top