Жамият | 22:44 / 11.04.2016
2106
2 дақиқада ўқилади

Никоҳ рак хасталигига қарши восита экани аниқланди

Рак хасталиги билан оғриган беморларнинг турмуш ўртоғи бўлиши уларнинг омон қолиш имкониятини ошириши қайд этилди. Америкалик олимлар 800 минг кишини текшириб чиқиб шундай қарорга келишган. Тадқиқот натижалари Cancer журналида эълон қилинган, бу ҳақида эса The Guardian нашри хабар берди.

Олимлар 2000-2009 йиллар давомида Калифорнияда яшаган ва ракнинг ўлимга олиб келувчи тури билан оғриган 393 минг эркак ва 389 минг аёлларнинг касаллик варақаларини кўриб чиқиш ҳуқуқини қўлга киритишган. Тадқиқотчилар беморларнинг тақдирлари қандай кечишини 2012 йилга қадар кузатишган.

Бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда шуниси маълум бўлдики, никоҳ эркак ва аёлларга ҳам рак билан курашишга ёрдам беради. Аммо бу омилнинг самараси беморнинг жинсига, ирқига ва этник келиб чиқишига боғлиқ бўлади. Бу омил оқ танли ва жанубий америкалик бўлмаган эркаклар учун самаралироқ экани аниқланди: бу гуруҳдаги бўйдоқ эркакларда турмуш қурган эркакларга нисбатан 24 фоизга кўпроқ ракдан вафот этиш имконияти мавжуд (бу гуруҳдаги аёлларда эса 17 фоизни ташкил этди).

Бундан ташқари, Ҳиндистонда, Хитойда ва Японияда туғилган, турмуш қурмаган эркак ва аёллар ушбу хасталикдан қаттиқ азият чекишлари маълум бўлди. Олимларнинг тахминига кўра, улар АҚШга келиб, ўзларининг анъанавий маданиятларидан ва оилавий қадриятларидан узилиб қолишади. Бу эса уларнинг заифлашишига олиб келади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, оила қурган инсонларнинг жуфтликлари шифокорларнинг олдига олиб бориши, руҳлантириши ва тинчлантириши, дориларни вақтида ичишни эслатиб туриши уларнинг касалликларини яхшироқ енгиб ўта олишларига сабаб бўлади.

Шунингдек, умр йўлдошлар хавфли касалликнинг аломатларига эътибор бериб, ракни олдиндан аниқланишига ёрдам беришлари қайд этилган.