Жаҳон | 11:00 / 11.04.2016
1932
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти бош вазир ваколатларини кенгайтиришни таклиф этди

Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбаев Миллий парламент муҳокамасига ҳукумат раҳбарининг вазирларни лавозимидан озод этиш бўйича ваколатларини кенгайтириш таклифини киритди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилган.

Президент таклифига кўра, Олий кенгаш депутатлари "Қирғизистон республикаси ҳукумати тўғрисидаги" конституцион қонундаги айрим камчиликларни бартараф этишлари керак бўлади.

"Мазкур қонунда, бош вазирнинг ҳукумат аъзоларини вазифасидан четлатиш бўйича давлат раҳбарига ўз таклифини киритиш масаласида ваколати асоссиз равишда чекланган", - дейилади хабарномада.

Бир неча кун муқаддам Қирғизистон бош вазири Темир Сариев транспорт ва коммуникациялар вазири Аргинбек Малабаевни вазифасидан озод этиш бўйича давлат раҳбарига таклифини киритган эди. Аммо Атамбаев буни рад этиб, миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг коррупцияга қарши кураш бўлимига бош вазир ҳамда вазир ўртасидаги зиддият сабабларини ўрганишга кўрсатма берганди.

Малабаевнинг фикрича, бош вазир атрофидаги кишилар, Балиқчи-Корумду автомобиль йўлини қайта таъмирлаш учун тендерда Хитой компанияларидан биринининг номзодини илгари суришган.

Ўтган ҳафта шанба куни эса, парламент махсус комиссияси тендер можароси сабабли бош вазир Сариевга ишончсизлик эълон қилиш таклифини билдирганди.