23:25 / 12.04.2016
2751

Патрушев Тошкентга ШҲТ давлатлари хавфсизлик кенгаши котиблари учрашувига келади

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Тошкентда 13-14 апрелда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари хавфсизлик кенгаши котиблари учрашувига келади, деб хабар берди Россия Хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати. Бу ҳақда Sputnik нашри хабар бермоқда.

"Николай Патрушев 13-14 апрелда Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар хавфсизлик кенгаши котибларининг XI учрашувида иштирок этади", деб айтилди матбуот хизмати хабарида.

Учрашув иштирокчилари халқаро ва минтақавий хавфсизлик муаммолари, Марказий Осиё, Афғонистон ва ШҲТ ҳудудидаги вазият, террорчилик, экстремизм ва наркотрафикка қарши кураш муаммоларини муҳокама қиладилар.

Жорий йилда Ўзбекистон ШҲТда раислик қилади ва шу муносабат билан ташкилотнинг навбатдаги саммити Тошкентда 23-24 июнь кунлари бўлиб ўтади. Ушбу саммит натижаларидан бири ШҲТга Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилиши бўлиши мумкин.

2016 йил учун ШҲТнинг котиби этиб Тожикистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси Рашид Алимов тайинланган.

Top