Ўзбекистон | 17:18 / 14.04.2016
3119
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти Ўзбекистон элчисини қабул қилди

Ўзбекистон республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Жавҳар Изамов ўзининг Туркманистондаги дипломатик фаолиятини якунламоқда. Шу муносабат билан, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Жавҳар Изамовни қабул қилди, деб хабар қилмоқда UzDaily.uz.

Мулоқот чоғида, элчи Туркман давлат раҳбарига туркман-ўзбек муносабатларини ривожлантиришда кўмак берганлиги учун миннатдорчилик изҳор қилиб, фаолияти давомида унинг доимий қўллаб-қувватлашини ҳис этиб турганини билдирган.

Жавҳар Изамовнинг қайд этишича, Ўзбекистонда, Ашхободнинг минтақа ҳамда глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро ташаббусларига юқори баҳо беришади.

Туркманистон давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов ўз навбатида, Туркманистон ёнқўшнилари, хусусан Ўзбекистон билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга жиддий эътибор бераётганини қайд этиб, мамлакатларни нафақат бир минтақада жойлашув, балки тарихий илдизларининг бирлиги, тили ва маданиятларининг ўхшашлиги, икки оға-ини халқларнинг урф-одатлари ҳам бирлаштириб турганини эслатиб ўтди.

Гурбангули Бердимуҳамедов, туркман-ўзбек мулоқотининг тенгҳуқуқли ва ўзаро манфаатлар асосида ривожланишига қўшган шахсий ҳиссаси учун Жавхар Изамовга миннатдорлик изҳор қилди.

Учрашув чоғида, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг келгуси истиқболлари хусусида фикр алмашилган. Бунда, савдо-иқтисодий, ёқилғи-энергетика, транспорт ва коммуникация, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, гуманитар соҳада, маданият, фан ва таълим йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Давлат раҳбари ва ўзбек дипломати, икки қўшни давлат, уларнинг биродар халқлари манфаатларига бирдек жавоб берувчи ўзаро самарали ҳамкорлик янада ривожланишига ишонч билдирдилар.