15:21 / 15.04.2016
1574

Россия ва Қирғизистон нефть ва нефть маҳсулотлари бўйича келишувни имзолаш арафасида

Россия ҳукумати Қирғизистон билан нефть ва нефть маҳсулотларини божхона тўловларисиз етказиб бериш бўйича келишув лойиҳасини маъқуллади.

Россия бош вазири Дмитрий Медведев 2016 йилнинг 9 апрелида шу мазмундаги буйруққа имзо чеккан.

Унга кўра, РФ энергетика вазирлиги ТИВ иштирокида Қирғизистон томони билан музокаралар ўтказиб, ушбу битимни имзолаши керак.

Ҳужжатга мувофиқ, Россиядан Қирғизистон ички истеъмоли учун экспорт қилинаётган нефть ва нефть маҳсулотларидан божхона тўловлари олинмайди.

Божхона тўловларисиз етказиб бериладиган маҳсулот ҳажми 2016 йил 31 декабрига қадар тасдиқланиши режалаштирилган.

Белгиланган меъёрдан ортиғига божхона тўлови жорий этилади.

Қайта экспорт қилиш ҳоллари қайд этилган ҳамда ўзаро манфаатли келишувларга эришилмаган тақдирда Россия томони божхона тўловларисиз нефть маҳсулотлари етказиб беришни тўхтатиши мумкин.

Бу қоида ЕОИИнинг (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) бошқа давлатларидан кириб келган, аммо Россияда ишлаб чиқарилган нефть маҳсулотларига ҳам тегишлидир.

Россия Қирғизистонга ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига бўлган жами эҳтиёжининг (йилига 1 млн тоннага яқин) 90 фоизини етказиб беради. 2010 йилгача нефть маҳсулотлари имтиёзли асосда етказиб берилган, шундан сўнг, Россия 100 фоизлик божхона тўловларини жорий қилган эди.

Top