10:40 / 15.04.2016
1354

Хитой: АҚШ ва Филиппиннинг Жанубий Хитой денгизида патруллик қилиши минтақа барқарорлигига путур етказади

ХХР мудофаа вазирлиги эълон қилган баёнотга кўра, АҚШ ва Филиппин ҳарбий кучларининг жанубий Хитой денгизида ҳамкорликда патруллик амалиётини ўтказиши, ушбу ҳудуд барқарорлигини издан чиқариши мумкин.

"Бу ҳолат, минтақада ҳарбий тайёргарлик жараёни кучайишига туртки бериши туфайли, тинчлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатади", - деб баёнотдан иқтибос келтиради Синьхуа ахборот агентлиги.

"Мамлакат қуролли кучлари вазиятни диққат билан кузатиб, Хитойнинг ҳудудий суверенитети ва ушбу денгиздаги манфаатларини қатъий равишда ҳимоя қилади", -дейилади мудофаа вазирлиги баёнотида.

14 апрель куни АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер мамлакат қуролли кучлари Филиппин билан ҳамкорликда Жанубий Хитой денгизида патруллик қилишини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, Американинг Филиппиндаги Кларк ҳарбий ҳаво кучлари базасига АҚШдан 300 нафар ҳарбий хизматчи, бир нечта жанговар самолёт ва вертолётлар ташланган.

Хитой бир неча ўн йиллардан бери, Жанубий Хитой денгизидаги қатор оролларга эгалиги борасида минтақа мамлакатлари билан тортишиб келади. Бунга ушбу ороллар шельфида йирик миқдорда захирага эга нефть конлари очилгани сабаб бўлмоқда.

Мазкур минтақадаги ҳудудий зиддиятда, Вьетнам, Бруней, Малайзия ва Филиппин ҳам ўз манфаатларини талаб қилмоқда.

Top