21:11 / 16.04.2016
1746

Берлин мафияси Германияга келган қочқинларни ўз сафига ёлламоқда

Die Welt немис газетасида чоп этилган ҳисоботга кўра, Германияда барча миграция инқирозини муҳокама қилаётган бир пайтда жиноий гуруҳлар бу инқироздан фойдаланган ҳолда, ўз сафларига қочқинларни жалб қилмоқда. Германия полициячилар касаба уюшмаси раҳбари Бодо Пфальцграф RT телеканалига берган интервьюсида жиноятчилар ёлғиз ва жисмонан бақувват ёшларни фаоллик билан ўз сафларига ёллашаётганларини айтди.

Пфальцграфнинг айтишича, охирги вақтларда янги қочқинлар лагери очилиши биланоқ, у ерга бир неча кундан кейин қора лимузинларда одамлар келиб, ёшларни ёллаётгани ҳақида хабарлар тушмоқда.

Жиноий тўдалар бундай қочқинлардан асосан "ифлос" ишларни амалга оширишда, яъни ўғирлик, гиёҳванд моддалар сотиш, рақибларни дўппослашда фойдаланадилар. Таъкидланишича, полиция ва прокуратурадагилар бу ҳолатдан хабардорлар, бироқ бунга қарши қандайдир ҳуқуқий чоралар кўра олмаяптилар.

"Ёлғиз ёшлар айниқса жиноятчилар олдида заифлар. Қизлар ўз иродаларига қарши борделларга тушишлари мумкин. Энг катта хавф остида маҳаллий аҳоли орасида тарқалиб кетган ёшлар қолмоқда – уларнинг жойлашган ўрни ҳақида ишончли маълумотлар йўқ. Берлиннинг ўзида биз улар ҳақида ҳеч нарса билмайдиган 20 мингга яқин қочқин бор", деб айтди Пфальцграф.

Пфальцграфнинг айтишича, жиноий кланларнинг структураси оилавий ришталарга асосланган бўлиб, уларни итальян мафиясига қиёслаш мумкин. Уларга қарши жиноий иш қўзғатиш анча мушкул, чунки улар гувоҳларни қўрқитадилар.

Баъзи маълумотларга кўра, Берлинда кенг мафиоз тармоғи қулоч ёзган бўлиб, унга араб ва Осиё давлатларидан келганлар киради. Бироқ ҳукумат фикрича, Берлин жиноий оламининг каттагина қисми бир неча ливан кланлари томонидан назорат қилинади.

Шунга қарамай, Германия жиноий полиция федерал бошқармасида таъкидланишича, туб немислар муҳожирлардан кўра камроқ жиноят амалга оширмайдилар.

"Вужудга келган ҳолат қочқинлар Германия аҳолисининг бошқа гуруҳларидан кўпроқ жиноят содир этишга мойилроқ эмаслигини кўрсатади. Кўпчилик қочқинлар қонунни бузишни исташмайди, улар бизнинг давлатга ҳимоя ва тинчлик умидида келишган", деб айтмоқда Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер.

Top