13:53 / 16.04.2016
4965

Ўзбекистон Меҳнат вазирлигида ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди

2016 йил 16 апрелида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигида видеоселектор шаклида ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, Меҳнат вазирлигининг ҳудудий бўлимлари ва вазирлик қошидаги ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, ОАВ вакиллари қатнашдилар.

Ҳайъат раиси, меҳнат вазири А. Абдуҳакимовнинг қайд этишича, президент Ислом Каримовнинг 22 февралдаги «Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш ва тиббий-ижтимоий ёрдамни янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисидаги» фармони билан, Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қайта ташкил этилиб, Меҳнат вазирлигига айлантирилди.

Ҳужжатга мувофиқ, аввалги вазирликнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга доир вазифаси, хусусан ногиронлар, ногирон болалар, уруш қатнашчилари, ветеранлар, қаровчиси йўқ ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, имконияти чекланган фуқароларни касбга қайта тайёрлаш ва ўқитишни ташкил этиш каби вазифалари Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтиёрига берилган. Бундан ташқари, ногиронлар ва қариялар учун мўлжалланган «Мурувват» ва «Саховат» меҳрибонлик уйлари, ногиронларни протезлаш ва реабилитация миллий маркази, ногиронларни реабилитация қилиш ҳудудий марказлари, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санатория ва пансионатлар, имконияти чекланган шахслар учун Тошкент ва Фарғонадаги Республика махсус касб-ҳунар коллежлари ҳамда пойтахтдаги 2 юридик коллежи ҳам Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтиёрига ўтказилди.

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам бериш ва тайинлаш мажбурияти Молия вазирлигига берилган, (пенсия билан таъминлаш вазифаси 2010 йилдан Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ваколатига киради).

Шу муносабат билан, Меҳнат вазирлиги эндиликда, меҳнат ва аҳоли бандлиги, меҳнат хавфсизлиги, меҳнат ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнатга ҳақ тўлаш усуллари, ишга жойлашишга кўмаклашиш, аҳолининг ишсиз қатламини, биринчи навбатда ёшлар, аёллар ва ногиронларни профессионал касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш вазифалари билан шуғулланади. Бундан ташқари, меҳнат ва бандликни ҳимоя қилиш соҳасида қонун талабларига риоя этишни назорат қилиш мажбуриятини ҳам Меҳнат вазирлиги адо этади. Ушбу ўзгаришлар, аҳолини ишга жойлаштириш масалалари билан жиддийроқ шуғулланиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни янги сифат даражасига кўтаришга ёрдам беради, деган меҳнат вазири Абдуҳакимов.

Ҳайъат йиғилишида, вазирлик ва унинг бўлимларининг 2016 йил биринчи чорагидаги фаолиятига оид ҳисоботлари тингланди. 2016 йилги прогноз кўрсаткичларни амалга ошириш чоралари тўғрисида фикрлар алмашилди. Ишга жойлаштириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳисобот даврида меҳнатни муҳофаза қилишга доир масалалар муҳокама этилди.
Шу билан бирга, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларни бажаришга оид масалалар кўриб чиқилди. Бундан ташқари, ижро интизоми масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тўғрисидаги маълумотлар муҳокама этилди.

Ҳайъат йиғилиши сўнггида, мажлис қатнашчилари ва ОАВ вакиллари, Вазирлар маҳкамасининг 2016 йил 22 мартдаги №219-ф фармонига мувофиқ ўтказилган, Меҳнат вазирлиги ходимларининг аттестацияси натижалари билан таништирилди. Мажлис якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Top