14:30 / 16.04.2016
1552

Ўзбекистон ТИВда идоралараро ишчи гуруҳининг мажлиси бўлиб ўтди

2016 йилнинг 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида халқаро (ер усти) транспорт алоқаларини ривожлантириш ва ягона транспорт дипломатиясини илгари суриш масалалари бўйича Идоралараро ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўзбекистон Халқаро автомобильда юк ташувчилар уюшмаси, «Ўздавтемирйўлназорат» давлат инспекцияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг экспертлари иштирок этдилар.

Йиғилишда халқаро юк ўтказмаларини ривожлантириш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини ошириш имкониятлари ва мазкур соҳада халқаро шартномаларни, жумладан Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари ўртасида транспорт коридорини ташкил қилиш кўзда тутилган, 2011-йил 25-апрелда Ашхобод шаҳрида Эрон Ислом Республикаси, Уммон Султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида имзоланган Ашхобод битимини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Top