Фан-техника | 18:23 / 18.04.2016
2034
2 дақиқада ўқилади

Volkswagen йирик кроссовер ишлаб чиқармоқчи

Volkswagen компанияси йирик ҳажмли йўлтанламасининг илк суратларини намойиш этди. Унинг прототипи 25 апрель куни Пекин автосалонида омма эътиборига ҳавола қилинади. У келажакда кенг миқёсда ишлаб чиқилиши ҳам мумкин. World Car Fans нашрининг ёзишича, гап Touareg’нинг янги авлоди ҳақида бораётган бўлиши мумкин.

Суратларга қараб айтиш мумкинки, машина кузови пластик ҳимоя қобиғига эга бўлади, унга диодли ёритқичлар ўрнатилади. Йўлтанламас гибрид қурилмаси ёрдамида ҳаракатга келтирилади. Унинг умумий қуввати, 376 от кучига тенг бўлиб, 100 км/соат тезликка 6 сонияда эришади. Максимал тезлиги соатига 223 километрни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил январида Детройт автокўргазмасида Volkswagen Tiguan GTE Active гибрид прототипини намойиш этган эди. Концепт АҚШ бозорига мўлжалланган бўлиб, серияли ишлаб чиқарилади. Модель келаси йилдан Мексикадаги заводда йиғила бошланади.

У 2015 йили эълон қилинган Tiguan GTE concept прототипининг қайта ишланган шакли бўлиб, унга бензинли дивгателдан ташқари, иккита электромотор ўрнатилган. Кроссовернинг умумий қуввати – 221 от кучига тенг бўлиб, 100 км/соат тезликка 6,4 сонияда чиқа олади.

Tiguan GTE Active 6 босқичли автоматик узатмалар қутиси билан жиҳозланади.