Жамият | 19:50 / 19.04.2016
2115
1 дақиқада ўқилади

Кличко ишга велосипедда қатнашга қарор қилди

Киев мэри Виталий Кличко ишга велосипедда боришга қарор қилди. Бу ҳақда у ўзининг фейсбукдаги саҳифасида маълум қилган.

"Дўстлар! Шаҳар марказидаги ишхонамга велосипедда қатнашга қарор қилдим. Бир неча кундан буён педал айлантиришни яхши ўрганиб олдим", дея ёзган Украина пойтахти мэри.

Унинг айтишича, бу соғлиқ учун ўта фойдали ҳамда ҳаракатланиш учун қулай. Шу билан биргаликда бу воситанинг "минуси" ҳақида гапирган мэр велосипедда ҳаракатланиш орқали йўлларда автомобил ҳайдовчилари билан муаммоларга дуч келиниши мумкинлигини айтиб ўтган.

Vesti.ua нашрининг аниқлик киритишича, Кличконинг велосипеди Gocycle электр мотор билан таъминланган. У соатига 50 км тезликкача ҳаракатланиши мумкин. Бундай велосипедлар нархи Киевда 4,5 минг евродан бошланади.

Ўтган йилда Кличко "Велосипедда ишга" акциясида иштирок этганди.