Иқтисодиёт | 15:42 / 20.04.2016
2732
2 дақиқада ўқилади

Alibaba асосчиси: Хитой иқтисодиётини 3-5 йиллик оғир давр кутмоқда

Электрон коммерция гиганти, Alibaba компаниясининг асосчиси Жек Ма Ҳонгконгнинг South China Morning Post газетасига берган интервьюсида Хитой иқтисодиёти 3-5 йилга оғир даврни бошидан кечириши, шунга қарамай кейинги 15-20 йилда у бошқа иқтисодиётлар ҳавас қиладиган даражада тараққий этиши ҳақида гапириб ўтди.

"Бундай миқёсдаги иқтисодиёт доимо шундай шиддат билан ўсишини кутишга сабаб йўқ, Хитойга ҳам бундан буён шундай тезликда ўсишнинг яхши томони йўқ. Кейинги 15-20 йилда Хитой иқтисодиёти ҳойнаҳой бошқа давлатлар ҳавас қиладиган даражада ривожланишда давом этади", - деди Жек Ма.

Унинг фикрича, 30 йилдан ортиқ доимий ўсишдан кейин бир қанча вақтнинг тараққиёт курсини тўғирлашга сарфлаш табиий ҳол.

Жек Ма иқтисодиётда энг асосийси - тадбиркорлик деб ҳисоблайди. У бизнес Хитойнинг гуллаб-яшнаши ва муваффақиятига ёрдам беришига ишонч билдирган.

Жек Манинг сўзларига кўра, хорижий инвесторларни хавотирга қўйган Хитой иқтисодиётининг секинлашуви аслида янги имкониятларни яратади. Жумладан, қишлоқ жойларини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва информацион технологиялар соҳасида.

Жек Ма Хитойни ҳам худди Япониядагидек иқтисодий турғунлик кутаётгани тўғрисидаги хавотирларга чек қўйди. Унинг фикрича, Хитой аввалгидек улкан салоҳиятга эга.

2015 йил якунларига кўра, Хитойда ЯИМ ўсиш суратлари 6,9 фоизга пасайган, бу охирги 25 йил мобайнидаги энг ёмон кўрсаткич. 2016 йил учун Хитой ҳукумати ўсиш кўрсаткичини 6,5 фоиздан 7 фоизгача белгилади. Биринчи квартал натижаларига кўра, ўсиш 6,7 фоизни ташкил этган.