Жаҳон | 14:58 / 20.04.2016
1722
2 дақиқада ўқилади

Анқара Sputnik-Туркия бош муҳарририга мамлакатга киришни тақиқлаб қўйди

Туркия ҳукумати Sputnik-Туркия бош муҳаррири Тўрали Керимовнинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Sputnik-Туркия сайтида маълум қилинди. Воқеа Истанбулдаги Отатурк аэропортида юз берди: журналист келган йўловчиларни текшириш пунктида бир соатга яқин ушлаб турилди.

"Кейин менга Туркияга кириш ман қилинган йўловчи эканлигим айтилган ҳужжат топширилди. Ҳужжатда бу борада ҳеч қандай тушунтириш берилмаган", деб Керимовнинг сўзларини келтириб ўтди агентлик.

Керимов, шунингдек, унинг марбуот-картаси ва яшашга ҳуқуқ берувчи ҳужжати тортиб олингани, шундан кейин унга Россияга кейинги рейс билан учиб кетиш таклиф қилинганини айтди.

14 апрелда Туркия ҳукумати Россиянинг Sputnik ахборот агентлиги сайтларига интернет орқали киришни тақиқлаб қўйди. Туркия телекоммуникациялар ва алоқалар порталида маълум қилингандек, агентлик сайти интернет ҳақидаги қонун асосида тўсиб қўйилган.

Россия ташқи ишлар вазирлигида Туркия Sputnik’ни тақиқлаб қўйишга ҳаққи йўқлиги айтилган. "Буни ҳуқуққа хилоф акция ва инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, жумладан сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқининг навбатдаги қўпол бузилиши деб қараймиз. Туркия ҳукуматининг ОАВга ортиб бораётган босими ва журналистларни асоссиз таҳқирлаш сиёсати давом этмоқда, бунинг учун Анқара бир неча бор нуфузли халқаро ҳукумат ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамоатчилик ташкилотлари томонидан танқид қилинганди", деб таъкидлаб ўтилди вазирликда.