Иқтисодиёт | 09:47 / 20.04.2016
2195
2 дақиқада ўқилади

Аргентина 15 йиллик танаффусдан сўнг халқаро облигациялар чиқарди

Аргентина халқаро кредит бозорида умумий қиймати 16,5 млрд долларлик облигацияларни жойлаштирди ва ундан тушган маблағ ҳисобига 22 апрель куни реструктуризация қилишни рад этган кредиторлари олдидаги қарзини тўлайди. Республика иқтисодиёт ва молия вазири Альфонсо Прат-Гай шу ҳақда маълум қилди.

"Бугун биз 2001 йил дефолтидан батамом қутилдик. Жума куни бизга маблағлар келиб тушади, шунинг ҳисобидан кредиторлар олдидаги 9,3 млрд долларлик қарзимизни ёпамиз", - дея изоҳ берган вазир.

Унинг сўзларига кўра, шу пайтгача Аргентина турли фондлар билан кредит портфелини ёпиш тўғрисида 220та келишувни имзолаган. Улар давлат қарзини реструктиризация (кредит шартларини қайта кўриб чиқиш) қилишни рад этган эди. Ушбу битимлар қарзларни 40 фоизга камайтиришни кўзда тутади.

Прат-Гайнинг қайд этишича, Аргентина тур муддатли облигацияларни жойлаштирган. Улар 3, 5, 10 ва 30 йилга мўлжалланган. Уларнинг ўртача фоиз ставкаси йиллик 7,14 фоизни ташкил этади. Инвесторлар кўпроқ 5 ва 10 йиллик облигациялага қизиқиш билдиришмоқда. Умумий ҳисобда, Аргентинага 68,6 млрд доллар кредит таклифи билдирилган, аммо якунда Буэнос-Айрес 16,5 млрд долларлик облигация жойлаштиришга қарор қилган.

Вазирнинг айтишича, Аргентина йил охиригача Нью-Йоркда бошқа облигация жойлаштирмайди.