16:27 / 20.04.2016
1476

Нойер «Бавария» билан шартномасини 2021 йилгача узайтирди

«Бавария» жамоа дарвозабони Мануэль Нойер билан янги шартнома имзолади. Бу ҳақда мюнхенликлар жамоаси сайтида маълум қилинган.

30 ёшли бу дарвозабон билан тузилган янги битим 2021 йилгача амал қилади. Футболчи мюнхенликлар клубига 2011 йилнинг ёзида келиб қўшилган, ундан олдин «Шальке-04» жамоаси шарафини ҳимоя қилганди.

Ушбу футболчининг амалдаги шартномаси 2019 йилнинг ёзига қадар тузилганди. Айни вақтда жамао бош мураббийи ҳисобланадиган Хосеп Гвардиола унинг мавсум якунлангач ўзи билан «Манчестер Сити» жамоасига олиб ўтиши ҳақида хабарлар берилганди.

transfermarkt.de портали маълумотига кўра, Нойернинг трансфер қиймати 45 млн евро этиб белгиланган.

«Бавария» таркибида Нойер 3 марта Германия чемпиони бўлди, 2 марта мамлакат Кубоги соҳибига айланди ва бир мартадан ЕЧЛда ҳамда Европа Суперкубогида зафар қучди.

У Германия терма жамоасининг ҳам асосий дарвозабони ҳисобланади ва у жамоа билан 2014 йилги ЖЧда ғолиб чиққан. Шунингдек, 2010 йилги мундиал ва 2012 йилги Европа чемпионатининг бронза медалларига эга бўлган.

Нойер бир неча марта йилнинг энг яхши футболчи учун бериладиган «Олтин тўп» мукофоти учун даъвогарлар қаторига кирган.

Top