ОАВ: Volkswagen ва АҚШ "дизель можароси" юзасидан келишувга эришди
Volkswagen концернининг ноаниқ дастур ўрнатилган машиналарини харид қилган АҚШдаги мижозлари, товон пули сифатида 5 минг доллардан олишади. Автомобиль ишлаб чиқарувчиси ва Америка ҳукумати ўртасида эришилган келишувга шу мазмундаги банд ҳам киритилган, деб хабар қилмоқда Welt газетаси ўз сайтида.
"Бундан ташқари, Volkswagen ҳар бир автомобиль дастурини янгилаш учун тўловни ҳам қоплайди", — деб ёзади газета, музокаралар жараёнига алоқадор манбасига таянган ҳолда.
Мазкур иш юзасидан талаб этиладиган ҳужжатлар ушбу можарога масъул судья Чарльз Брейерга тақдим этилади.
Ўз навбатида, Associated Press агенлигининг хабар қилишича, Volkswagen АҚШда сотилган 600 мингга яқин машинаси эгаларига 1 млрд доллардан ортиқ товон пули тўлашга тайёр.
Америка ҳаками Чарльз Брейер, автоконцерн ва АҚШ ҳукуматига 21 апрель куни вақтинчалик чоралар дастурини тақдим этиш ва унда товон суммасини аниқ кўрсатишни шарт қилиб қўйган эди.
Volkswagen’нинг дизель машиналарига АҚШнинг экологик талабларини четлаб ўтиш имконини берувчи дастурлар ўрнатилгани фош бўлгач, немис автоконцерни можаро марказида қолган эди.
Шундан сўнг, Европа ва Осиёнинг турли мамлакатларида автогигантга нисбатан суриштирув ишлари бошланиб кетган, инқирозга барҳам бериш мақсадида, концерн 6,7 млрд евро миқдорида маблағ ажратишга мажбур бўлганди.