Жаҳон | 12:48 / 21.04.2016
1948
3 дақиқада ўқилади

Швейцария ҳукумати Араб коалицияси давлатларига қурол сотиш учун рухсат берди

Швейцария ҳукумати мамлакатдаги компанияларга Яманда исёнчиларга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган Араб коалицияси учун қурол-яроғ экспорт қилиш учун рухсат берди.

Маълум қилинишича, коалицияга жами 178 млн франк миқдорида (185 млн доллар атрофида) қуроллар ва ҳарбий материаллар етказиб берилади. Шундан 106 млн франклик қисми (110 млн доллар атрофида) Саудия Арабистони томонидан харид қилинади. Бу ҳақда Бернда расман маълумотнома чоп этилган.

Ҳукумат 50га яқин компаниянинг мурожаатини кўриб чиққан ва Саудия Арабистони, Баҳрайн, Миср, БАА қуролли кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини мустаҳкамлашни назарда тутувчи лойиҳаларга розилик берган.

Берндагилар бу қуроллар Яманда ҳарбий ҳаракатлар ўтказилишида қўлланишини инкор этган.

Қайд этиш керакки, Швейцариядан Араб коалициясига 2015 йилнинг майида қурол етказиб берилиши бошланганди. Кейинроқ, Ямандаги вазият туфайли бунга тақиқ қўйилган.

Швейцария ўз ёрдамлари мудофаа мақсадларида қўлланишини таъкидламоқда.

Ҳукумат ҳужум қуроллари етказиб бериш бўйича таклифларни рад этган (3 млн франклик кичик калибрли қуроллар ва ўқ-дори). Федерал кенгаш 8 мингта граната ва 25 мингта қўл гранатаси экспортига рухсат берган.

БМТ бир неча марта Ямандаги зиддиятлар давомида инсон ҳуқуқлари бузилаётганини билдирган. Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн март ойида Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчилари қуролли тўқнашувлар туфайли тинч аҳоли вакиллари бўлган кишиларнинг ўлимига "Ямандаги низоли томонлардан кўра 2 марта кўп жавобгар экани" ҳақида айтганди.

Ал-Кувайтда Яман ҳукумати ва исёнчилар ўртасида музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Унда сиёсий жараёнларнинг келгуси ҳолати муҳокама этилади.

Яманда суннийлар вакили бўлган президент Абд Раббонинг қонуний ҳукумати ва шиалардан иборат исёнчи ҳусийчилар (собиқ президент Али Абдулла тарафдорлари) ўртасидаги қуролли тўқнашувлар 2014 йилнинг августида бошланган. 2015 йилнинг 26 мартида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция қонуний ҳукуматни ҳимоя қилиш учун Яманда ҳарбий амалиётлар ўтказишни бошлади.

Охирги маълумотларга кўра, ўтган вақт ичида ҳарбий ҳаракатлар туфайли Яманда 6,4 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 30,5 мингдан ортиқ киши мажруҳ бўлган.