14:46 / 21.04.2016
1769

Тошкентда ижарачи уй эгасининг жонига суиқасд қилди

Суд мажлиси якунига етиб, ҳукм ўқилди. Судланувчи Жамшид Эркиновга (исм–фамилиялар ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

22 ёшни қарши олган Ж.Эркинов асли навоийлик. У пойтахтга келиб, вақтинчалик рўйхатга туради ва Юнусобод туманидаги кичик корхоналардан бирига ишга киради. 2014 йилнинг декабрь ойларида эса фуқаро Анвар Мансуровнинг бўш турган квартирасини яшаш учун ижарага олади. Ижарада турган уйига таниш–билишларини олиб келиб, маишат қилишни одат қилади. Бундан хабардор бўлган А.Мансуров ушбу ҳолатдан норози бўлиб, унга бир неча маротаба танбеҳ беради.

Ўтган йилнинг февраль ойлари бошларида А.Мансуров ундан уйни бўшатишни талаб қилади. Натижада ўртада жанжал келиб чиқади. Ушбу жанжал муштлашишга сабаб бўлади. Мазкур жараёнда ёш йигит абжирлик қилиб, хонада турган спорт сумкасининг боғичини олади ва А.Мансуровнинг бўйнидан бўға бошлайди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, А.Мансуров бўшашиб, ерга йиқилади ва жони узилади. Уй эгасини ўлдириб қўйганини англаган Жамшид унинг чўнтагидаги автомобил калитини олиб, марҳумнинг кўчада турган автомашинасини ўт олдиради ва яшириниш мақсадида воқеа жойини тарк этади. Йўлда фуқаро Р.Хожиевага тегишли автомашина билан тўқнашиб кетади. Бу ҳолатда ҳам Ж.Эркинов воқеа жойидан қочиб қолади. Машинани Учтепа тумани ҳудудидаги кўпқаватли уйларнинг тагида қолдириб, ўзи яширинади.

Ж.Эркинов ҳам узоққа қочиб кета олмади. Қилмиши учун қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.

Top