22:05 / 24.04.2016
1513

Британиялик фазогир коинотдаги биринчи марафончи бўлди

Британиялик фазогир Тим Пик Халқаро коинот станцияси бортида туриб Лондон марафонида иштирок этди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

44 ёшли фазогир 26,2 мил (42 км) масофани 3 соату 35 дақиқада югуриб ўтди ва шу тариқа коинотдаги биринчи марафончи бўлди. У масофани ХКСда Лондондаги марафонни iPad’да реал вақтда кузатган ҳолда махсус югуриш йўлагида босиб ўтди.

Пикнинг Ердаги марафонча югуришда кўрсатган натижаси юқорироқ бўлган: 1999 йилда у Лондон марафонини 3 соату 18 дақиқада босиб ўтган. Шунингдек маълум қилинишича, бу йилги марафон ғолиби масофани 2 соату 3 дақиқада босиб ўтган.

Фазогир югуришдан аввал твиттерда Лондоннинг коинотдан олинган суратини чоп этди.

Пик марафонда иштирок этиш қарорини декабрда маълум қилганди. Ўшанда у марафонни 3 соату 30 дақиқада югуриб ўтишга умид билдирганди ва у бунга деярли эришди.

Top