Жаҳон | 07:18 / 25.04.2016
1629
2 дақиқада ўқилади

Порошенко Савченконинг бир неча ҳафта ичида қайтарилишини кутмоқда

Украина президенти Пётр Порошенко ҳозирда Россияда қамоқда ушлаб турилган украиналик ҳарбий учувчи Надежда Савченконинг бир неча ҳафта ичида Украинага қайтарилишини кутмоқда, деб хабар бермоқда "Интерфакс" ахборот агентлиги.

Порошенко Россия президенти Владимир Путин билан охирги телефон орқали суҳбатда "бунга умид" пайдо бўлганини айтди.

"Биринчи марта суҳбат давомида бунга умид пайдо бўлди. Ахир бу муаммони ҳал қилиш алгоритми, дастлабки муддатлар ҳақида келишиб олинган, бу муддатлар ҳақида Савченконинг онаси, синглиси ва бу ҳаракатларни бошқариш билан шуғулланаётган вакилларга айтганман", деб айтди Порошенко.

Порошенко Путин билан суҳбатлашгандан кейин Украина консули Россиядаги турмада Савченконинг ёнига ташриф буюра олган, чунки маҳбуснинг соғлиғи хавотир уйғотмоқда.  

Порошенко бу вазиятни бошқа изоҳламаслигини айтди ва сиёсатчиларга бу жараёнга аралашмасликни тавсия қилди, чунки эҳтиётсиз изоҳлар ишга зарар қилиши ва масаланинг ҳал қилиниши муддатини ортга суриб юбориши мумкин.

"Ҳозир менда президент самолёти менинг вакилларим билан Надеждани бир неча ҳафта ичида Украинага қайтара олишига қатъий умид бор", деб таъкидлаб ўтди Украина президенти.

Порошенко Савченконинг қайтиши шахсан у ва кўплаб украиналиклар учун катта байрам бўлишини айтди.

Аввалроқ РБК нашридаги манба Москва ва Киев украиналик Надежда Савченко ва россиялик Евгений Ерофеев ва Александр Александровни озод этиш механизмини келишиб олганини маълум қилганди.

Ростов вилоятининг Донецк шаҳар суди 22 мартда Савченкони россиялик журналистларни ўлдирганлиги учун 22 йиллик қамоқ жазоси ва чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун 30 минг жаримага тортганди. 

Киевнинг Голосеев туман суди эса Украинада қўлга олинган россиялик Ерофеев ва Александровни 14 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилган.