18:27 / 26.04.2016
4171

«Холис» газетаси 20 ёшда

Кўплаб мухлисларга эга “Холис” ижтимоий-оммабоп газетаси 1996 йилнинг 26 апрелида “Дунё юзини кўрган”. 20 йил муқаддам худди шу бугун 5000 нусҳада чоп этилган газета қисқа фурсатларда республика миқёсида оммалашиб 30 000 дан зиёд нусҳада газетхонлар қўлига етиб бора бошлаган. Ўтган йиллар мобайнида унда чоп этилган маданий-маърифий мақолалар сонию сифатига боқиб бугун уни Андижон вилоятининг шу йўналишдаги кичик солномасига менгзаса бўлади.

Дастлаб 2-3 нафар ижодий ходим, 5-6 нафар жамоатчи мухбирлар билан иш бошлаган газета бугун ўзининг жуда кўплаб жамоатчи мухбирлари, фаол муаллифларига эга.

Тўлан Низом, Олимжон Холдор, Турсуной Содиқова, Шодмон Отабек, Абдунаби Бойқўзиев сингари таниқли ижодкорлар билан бир қаторда Комилжон Нишонов, Музаффар Исмоилов, Нусрат Абдусалом, Олимжон Раҳимов, Ҳабибулло Исомиддинов, Маҳкам Мамадалиев, Баҳром Зокиржонов, Нигора Сайдалиева, Шуҳрат Келдиев, Элмурод Эрматов сингари ўткир қалам соҳиблари газетанинг ранг-баранг ва мазмунли чиқишида фаолдирлар.

Йиллар давомида ўз йўналишини белгилаб, маълум “ўзан”га тушиб олган газета ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда бугунда ҳам бой ўтмишимиз, гўзал қадриятларимиз, ўзлигимиз ҳақида сўзловчи чиқишлари билан ҳалқимизга хизмат қилиб келмоқда. “Сиҳат-саломатлик”, “Спорт”, “Ёшлар” саҳифалари мухлисларни замон янгиликлари билан ҳамнафас қилмоқда.

“Холис”чиларнинг нияти, бундан кейин ҳам ўз маслакларига содиқ қолган ҳолда ҳалқимиз маънавий ҳаётининг юксалишига ҳисса қўшиб боришдир.

Элмурод Эрматов, Андижон

Top