Жаҳон | 21:47 / 27.04.2016
1662
2 дақиқада ўқилади

Грузияга Европарламент раҳбари ташрифи кутилмоқда

Грузия ҳукумати яқин ойларда Европарламент раҳбари Мартин Шульцнинг Грузияга келишини кутишмоқда, деб маълум қилди Грузия парламенти спикери Давид Усупашвили.

"Мен жаноб президент бизнинг таклифимизни қабул қилиб, кейинги ойларда Грузияга келишидан хурсандман. Европарламентдан яхши янгиликлар олиб келишимизга ишонаман", деб айтди Усупашвили Брюсселда Шульц билан биргаликда берган матбуот-анжуманида.

25 апрелда Европарламентнинг Фуқаролик эркинликлари, адлия ва ички ишлар қўмитаси Еврокомиссиянинг Грузия фуқаролари учун виза тартибини эркинлаштириш таклифини қўллаб-қувватлади. Агар Европарламент бу қонун лойиҳасини маъқулласа, унда Грузия фуқаролари Шенген ҳудудида визасиз 90 кундан 180 кунгача бўлишлари мумкин.

Аввалроқ Еврокомиссия Грузия учун виза чекловларини бекор қилиш ташаббуси билан чиққанди ва Грузияни Европа Иттифоқига сафар уюштириш учун фуқароларига виза зарур бўлмаган давлатлар рўйхатига киритишни таклиф қилганди. Миграция ва фуқаролик масалалари бўйича еврокомиссар Димитрис Аврамопулос Еврокомиссия Грузия фуқаролари ёз бошидан Европа Иттифоқига визасиз бора олишларига умид қилаётганини айтганди. Бироқ бир неча кун аввал Европадаги энг йирик Европа халқ партияси президенти Жозеф Доль партия Европарламентдаги овоз беришда Грузия билан виза тартибини бекор қилишни агар Грузияда 2016 йил кузида ўтадиган парламент сайловлари эркин ва адолатли бўлсагина қўллаб-қувватлашини айтган.