Жаҳон | 09:58 / 28.04.2016
1970
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили: Украинанинг Одесса шаҳрига «Азов» жангчилари етиб келишди

Украина миллий гвардияси «Азов» бўлинмасининг 300 нафар хизматчиси Мариуполдан Одессага етиб келган. Бу ҳақда Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвили Facebook’даги саҳифасида эълон қилди.

«Яқин кунларда қолганлари ҳам етиб келиши керак», — дея изоҳ берган Саакашвили «Украинская правда» газетаси билан суҳбатида.

Газета маълумотларига кўра, «Азов» жангчилари 2 ҳафта муқаддам Одессага келтирилган ва айни вақтда улар техникаларни жойлаштириш билан банд.

27 апрель куни Украина ИИВ маслаҳатчиси Зорян Шкиряк Одессада қуролли фитналар юз берадиган бўлса, вазирлик бўлинмалари ўт очишини билдирган эди. Бундан аввал Шкиряк Одесса вилояти раҳбари Михаил Саакашвилининг мингга яқин миллий гвардиячи Одессага сафарбар этилгани хусусидаги хабарини инкор этган эди. Арсен Аваков маслаҳатчисининг қайд этишича, шаҳарда аксилтеррор амалиёт ўтказилаяпти. Саакашвилининг ўзи Одессага Миллий гвардия бўлинмалари киришини шаҳарда жамоат тартибини сақлаш учун зарур, деб изоҳлаганди.

Айтиш жоизки, бир неча кундан бери Одесса шаҳар ҳокимияти учун зиддият давом этмоқда. 26 апрель куни норозилик намойиши қатнашчилари ҳокимият биносини қуршаб олиб, кечаси унга ҳужум қилишган эди. Улар Одесса шаҳар мэри Геннадий Трухановни истеъфосини талаб қилишмоқда.

11 апрель куни Саакашвили Трухановга нисбатан жиноий иш қўзғаш зарурлиги хусусида баёнот берганди. Унинг айтишича, Труханов офшор корхоналари ва Россия фуқаролигига эга.