Бағдодда намойишчилар парламент биносига бостириб киришди
Бағдодда намойишчилар Ироқ парламенти биносига бостириб киришди. Намойишчиларнинг ҳужуми оқибатида бир неча депутат жароҳат олди, уларнинг аҳволи оғир қолмоқда. Бу ҳақда "Ал-Жазира" телеканалига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ироқда оммавий норозилик намойишлари мамлакатда коррупция даражасининг ўсишидан аҳолининг норозилиги ортида юз берди. Намойишчилар ҳукуматнинг итсеъфосини талаб қилмоқдалар. Шиа етакчиси Муқтадо ас-Садр тарафдорлари депутатлар кворумнинг етарли эмаслиги сабабли ҳукуматнинг янги таркиби бўйича овоз бера олмаганларидан кейин парламент биносига бостириб киришган.
Бағдодда фавқулодда вазият эълон қилинди, ҳарбийлар тўлиқ жанговар тайёргарликка келтирилди. Ироқ пойтахтига кириш йўллари беркитилган. Шаҳар марказидан АҚШ ва бошқа давлатлар элчихоналари ходимлари эвакуация қилинмоқда, БМТ ваколатхоналари ёпиб қўйилди.