19:13 / 04.05.2016
3578

Араб давлатлар лигаси: Ҳалабга уюштирилган ҳужум муддатсиз ҳарбий жиноятдир

Араб давлатлари лигаси Ҳалаб шаҳрига уюштирилган ҳужумни қоралаб, уни ҳарбий жиноят сифатида баҳолади. Минтақавий ташкилот бош котиби Набил ал-Арабий Лиганинг Қоҳирада бўлиб ўтган ва Сурия шаҳридаги вазият муҳокамасига бағишланган фавқулодда йиғилишида шундай баёнот берган. 

"Араб Лигаси оддий фуқароларга нисбатан ҳарбий ҳаракатларнинг олиб борилиши ва зўрайишини кескин қоралайди", - деган бош котиб. Унинг қўшимча қилишича, ушбу жанглар оқибатида "юзлаб одамлар қурбон бўлган, жабрланган". 

Ал-Арабийнинг таъкидлашича, Ҳалабдаги воқеалар ортида нафақат террорчи гуруҳлар балки Асад режими ҳам туради. "Сурияликларга нисбатан бундай ҳаракатлар ҳарбий жиноят, инсониятга қарши жиноятдир. Ушбу воқеаларга алоқаси борлар эса жазога тортилишлари керак". 
Ал-Арабий, шунингдек, Суриянинг қуршовда қолган туманларига гуманитар ёрдамлар зарурлигини айтар экан, можарога сиёсий ечим топиш энг яхши йўл эканини қайд этган. 

Сўнгги кунларда Ҳалабнинг ижтимоий иншоотлари, хусусан, шифохоналар экстремист кучларнинг қаттиқ зарбаларига учради. Ўнлаб одамлар шундай зарбаларнинг қурбони бўлган. Айни чоғда, Сурия мухолифати, бир қатор Ғарб ва араб давлатлари ҳукумат қўшинларини ушбу ҳужумларни амалга оширганликда айбламоқда. 

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Нью-Йоркдаги йиғилиши ҳам Ҳалабдаги аянчли гуманитар вазият муҳокамасига бағишланади.

Top