12:04 / 04.05.2016
5994

Дунёдаги энг кичик двигатель яратилди

Кембриж университети олимлари дунёдаги энг кичик двигателни яратишди. Уларнинг айтишича, бу двигателни нанороботларда, жумладан тиббиёт мақсадларида инсон танасига киритиладиганларида қўллаш мумкин бўлади. Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.  

Двигателнинг яратилган прототипи "ҳаракатга келтирувчи наноўзгартиргич" деб ном олди ва у вазн бирлигига исталган замонавий мотор ёки мушакдан 10 баробар кўпроқ ҳаракатлантирувчи кучни ишлаб чиқаради.

"Одамлар анча йилдан бери нанороботлар пайдо бўлиши ҳақида гапириб келадилар, бироқ улар ҳанузгача мавжуд эмас. Нимага? Шунгаки, айни вақтгача уларни суюқ муҳитда ҳаракатланишга мажбур қилишнинг усули йўқ эди. Бу худди қиём орқали сузишга ўхшайди, бироқ нано ўлчамда, чунки молекулалар ўртасидаги тортиши кучи жуда юқори", деб айтди олимлардан бири Жереми Бомберг.

Олимлар яратган двигателда диаметри 0,06 микронга тенг олтин нанозаррачалари бўлиб, бу ўлчам инсон сочи энининг тахминан мингдан бирига тенг.

Ба заррачалар гелсимон полимер pNIPAM’га эга сувга жойлаштирилган. Ҳарорат Цельсий бўйича 32 градусдан юқорироққа етганда, олтин заррачалар полимер билан молекулалараро тортишиш ёрдамида зич ёпишадилар. Ҳарорат 32 градусдан тушганда, полимер сувни кескин тортиб олиб, кенгаяди, олтин заррачалар эса пружина каби бир-биридан итарилади. 

Айни вақтда ҳароратни назорат қилиш учун лазерлар ишлатилмоқда, бироқ уларни бошқа асбоблар билан алмаштириш мумкин. Ўтиш ҳарорати (32 градус) ҳам ўзгартирилиши мумкин.

Top