01:39 / 05.05.2016
12501

ЕЧЛ. "Реал"нинг "Манчестер Сити" устидан ғалабаси ёхуд Миланда "испанча" финал

Европа Чемпионлар лигаси ярим финал жавоб ўйинида "Реал" жамоаси ўз майдонида "Манчестер Сити" футболчиларини қабул қилди.

Дастлабки ўйинда ҳисоб очилмагани учун жамоалар баҳс бошида эҳтиёткор ҳаракат қилиши кутилганди. Шундай бўлди ҳам. Танаффусга қадар "Реал"да голга тортадиган битта имконият бўлди ва улар бундан фойдаланишди. Карвахаль ўнг қанотдан жарима майдончаси ичидаги Бэйлга узатма берди. Гарет ўнг оёқда узатма бераётганида тўп Фернандонинг оёғидан рекошет ҳолатида Жо Хартнинг устидан ошиб ўтиб, олис устунга текканча, тўрга бориб тушди!

Биринчи бўлимда Кейлор Навас қўриқлаган дарвоза устуни эса мезбонлар фойдасига ишлади. Тайм тугаши арафасида Фернандиньо жарима майдончаси чизиғи устидан кучли зарба йўллади. Тўп устунга тегиб, майдонни тарк этди. 

Иккинчи бўлимда эса тўп назорати ва вазиятлар яратиш бўйича устунлик Зидан шогирдлари томонида бўлди. Бурчакдан етказилган узатмага Бэйл бош билан зарба берганидан кейин тўп тўсинга тегиб қайтди.

Ўйин сўнгида "Сити" босим уюштиришга ҳаракат қилди, аммо улар рақиб мудофаасини ёриб ўтишга ожизлик қилишди.

Финал 28 май куни Милан шаҳрида ўтказилади.

Бу жамоалар 2014 йилдаги финалда ҳам ўзаро дуч келишганди. Ўшанда "Реал" "Атлетико"ни қўшимча таймларда 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, бош совринга эга чиққанди.

ЕЧЛ.1/2 финал. Жавоб учрашуви. Биринчи ўйин - 0:0

"Реал" – "Манчестер Сити" – 1:0
Гол:
автогол Фернандо 20.
Огоҳлантиришлар: Де Брюйне 30, Фернандо 71, Васкес 83, Отаменди 90.

"Реал": Кейлор Навас, Карвахаль, Пепе, Рамос, Марсело, Кроос, Модрич ( Ковачич 88), Иско ( Хемес 67), Хесе (Васкес 56), Бэйл, Роналду.

"Манчестер Сити": Харт, Клиши, Отаменди, Компани ( Мангала 10), Санья, Фернандиньо, Фернандо, Де Брюйне, Яҳё Туре ( Стерлинг 61), Хесус Навас (Ихеаначо 69), Агуэро.

Top