12:04 / 05.05.2016
5758

Қозоғистон қирғиз картошкасига вақтинчалик тақиқ жорий қилди

«Қозоқ томони, Евросиё иқтисодий иттифоқи шартномаси ва ўсимликлар муҳофазаси ҳамда карантинига оид халқаро конвенция бандларига асосланиб,  2016 йил 4 майидан эътиборан Қирғизистон картошкасини мамлакатга олиб киришни тақиқлади», – деб хабар қилмоқда “КазТАГ” агентлиги Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборотидан кўчирма келтирган ҳолда. 

Маълум бўлишича, сўнгги вақтларда Кирғизистондан кириб келаётган картошка маҳсулотларида карантинга сабаб бўлувчи паразит – тилларангли картошка  нематоди Globodera rostochiensis (Wollenweber) Behrens бир неча маротаба аниқланган. Хусусан, 2016 йил январь ойидан бери 79та ҳолат қайд этилган бўлиб, касалланган картошканинг кириб келиши бартараф этилган ва Қирғизистонга минг тоннадан ортиқ картошка қайтариб юборилган. 

Шу билан бирга, Остона ҳукумати зудлик билан ушбу паразитларнинг қирғиз далаларида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш чораларини кўришни сўраб, Бишкек раҳбариятига мурожаатнома юборган. 

«Бироқ ўтган давр мобайнида қирғиз томонидан амалга оширилган ишлар хусусида ахборот келмади. Бундан ташқари, юқоридаги салбий ҳолатлар такроран қайд этилмоқда», – дейилади Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати баённомасида. 

Вазирлик раҳбарияти, Қирғизистондан олиб кирилаётган картошкалардан такрорий экин мавсумида уруғлик сифатида фойдалинилишидан хавотир билдирмоқда. Шу боисдан ҳам, уларнинг олиб кирилиши тақиқланган. 

Globodera rostochiensis (Wollenweber) Behrens нематоди картошка ва помидор илдизларида паразитлик қиладиган думалоқ чувалчанглардир. 

Касалланган ўсимлик тезда сарғайиб қоладиган заиф поялар чиқаради. Ҳосил тугунчалари ўта кичик ёки умуман бўлмайди. Бундай паразит, асосан, алмашлаб экиш кам учрайдиган жойларда кўп учрайди. Бунинг оқибатида ҳосилнинг 30-80 фоизи бой берилиши мумкин. 

У уруғ доналари кўринишида зарарланган тупроқ воситасида ёпишиб олиб, турли масофагача бора олади. Бундан ташқари, уруғлик, илдизмевалар, ёмғир сувлари ва шамол воситасида ҳам тарқалади.

Top