12:52 / 05.05.2016
2825

ОАВ: Airbus конвейерда ишлаш учун робот-гуманоидларни яратмоқчи

Airbus компанияси Франция ва Япония олимлари билан  ҳамкорликда конвейер линиялари ҳамда самолётлар ичида одамлар билан бирга хизмат кўрсатувчи робот-гуманоид яратиш устида ишламоқда. Бу ҳақида Financial Times газетаси хабар берди. 

Нашриётнинг маълумотларига кўра, авиақурилиш компанияси Токиода жойлашган Joint Robotics лабараторияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришдаги мураккаб вазифаларни бажаришга қодир одамсифат робот яратиш илмий-тадқиқот лойиҳасини қўллаб-қувватлашди. Янги роботлаштирилган технологияни яратишга тўрт йил муддат ажратилди. Компания 10-15 йилдан кейин бундай роботларнинг заводларда фаолият кўрсатишига умид қилмоқда. 

Янги роботлар мавжуд робот моделларига нисбатан енгилроқ ва эпчилроқ бўлади. Улар худди инсонлар каби ўтириши ва эгилиши мумкин. Шунингдек одамларга дуч келганда ва қўл билан унга текканда тўхтай олиши учун роботларни кўплаб датчиклар билан таъминлашади. 

Компания ўз навбатида машиналар ходимларнинг ўрнини босолмаслигини таъкидламоқда. "Одамсифат роботларнинг яратилиши ишлаб чиқариш жараёнида авиациянинг йиғувчи линиясида операторларга энг мураккаб ва жисмонан қийин бўлган вазияфаларни бажаришга ёрдам беради", - деди Airbus. 

"Шундай ишлар борки, уларни ишчилар бажаргиси келмайди, шундай ҳолатларда уларга роботлар ёрдамга келади", - дея маълум қилди лойиҳа тадқиқотчиларидан бири.

"Биз бу роботларнинг ишлашга қодирлигини кўрсатдик. Энди уларнинг саноатда ишончли эканлигини исботлашимиз керак", - қўшимча қилди у.

Top