Жаҳон | 12:04 / 06.05.2016
4157
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Покистон махсус хизматлари МРБ жосусини заҳарламоқчи бўлганини гумон қилмоқда

АҚШнинг тахмин қилишича, Америка махсус бўлинмаси 2011 йил май ойида "Ал-Қоида" гуруҳи етакчиси Усома бин Лодинни ўлдирганидан сўнг, Покистон махсус хизматлари Исломбоддаги Америка жосусини заҳарлашга уринган. 

Американинг бир неча расмийлари The Washington Post газетасида шу ҳақда маълум қилиб, 5 йил муқаддам икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ўта кескинлашган, Покистон бирлашган разведкаси эса АҚШ махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганини ёдга олишган. 

Уларнинг сўзларига кўра, "биринчи рақамли террорчи" ўлдирилганидан сўнг 2 ой ўтиб, МРБнинг Покистондаги бўлинмаси раҳбари Марк Келтон сабаби ҳозиргача номаълум бўлган хасталик билан шифохонага тушиб қолган. 

"Касаллик шунчалик сирли эдики, Келтоннинг ўзи ҳам МРБ ҳам унинг заҳарланганини ўйлашган", - дейилади газета сайтида эълон қилинган мақолада. 
Шундан сўнг, истеъфога чиққан Марк Келтоннинг ошқозонида амалиёт ўтказилгач, аҳволи яхшиланган. 

Бироқ "МРБ ҳамон Келтоннинг тўсатдан касал бўлишига Покистон разведкаси томонидан уюштирилган махфий амалиётни тахмин қилади".

Нашрнинг ёзишича, МРБ Келтон воқеасига оид аниқ далилларга эга эмас, аммо "Покисон махсус хизматлари журналистлар, дипломатлар ва ўз рақиблари деб билган бошқа кишиларга нисбатан уюштирилган суиқасдларда қўли борлиги бир неча маротаба исботланган ва Келтонга ҳам совуқ муносабатда бўлган".

Айтиш жоизки, МРБ ушбу мавзуга оид расмий изоҳ беришдан бош тортган. Ўз навбатида, Покистон ҳукумати Келтон ва бошқа америкалик расмийлар билдирган тахминларни кескин рад этган. Покистоннинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Надим Хотиан "бу воқеа аниқ тўқиб чиқарилган", - деб баёнот берган.